12-13 март кунлари Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг келажагига жиддий эътибор қаратиш, тадбиркорликка жалб этиш ва анашундай кўплаб масалаларга эътибор қаратиб, шулар бўйича бир қанча вазифалар белгилаб, топшириқлар берган эди.
Шу жумладан, ёшларнинг бандлиги таъминлаш, чет давлатларга ишлаш учун кетадиган уюшмаган ёшларга янги иш ўринлари яратиб, камбағалликка барҳам бериш ҳамда оилалар турмуш шароитини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан яхшилаш мақсадида Қўшкўпир туманининг Кенагас қишлоғи “Довуд” маҳалласида фойдаланилмай ётган 40 гектар майдонда “Ёшлар боғи” ташкил этилди.
40 гектар ер майдон 1 гектардан 30 ёшгача бўлган 40 нафар уюшмаган ёшга ажратиб берилди ва ердан фойдаланишнинг биринчи босқичи, яъни, ерни экишга тайёрлаш, турфа хил мевали кўчатларни ўтқазиш ишлари туман ҳокимлиги томонидан бажариб берилди.
Шунингдек, харид қилиши мумкин бўлган бошқа харажатлар учун эса 2 млн 230минг сўмдан пул маблағи ажратилди. Ушбу майдонда 1 гектардан жами 40 та иссиқхона қуриш ишлари бошлаб юборилди.
-Биз ёшлар учун бу имкониятлар катта даромад манбаи бўлади, деб ўйлайман,-дейди уюшмаган ёшлардан Ихтиёр Раҳимов.-Мен ҳар йили 6-7 ой чет элга ишлашга кетардим. Энди эса шу ерда нафақат мен, балки оила аъзоларим билан шу иссиқхонада ишлайман ва оиламиз иқтисодини, жамиятда ижтимоий фаоллигини таъминлайман. Мен иссиқхонага памидор, бодринг, кўкатлар, пиёз, саримсоқ пиёз экишни режалаштирдим ва тахминан фойдани ҳисоблаб чиқдим. Ўйлаб қарасам, ўзга жойларда топадиган пулни мен бу ерда 2-3 баробар кўп топар эканман.
Фарзандларимиз, яқинларимиз ёнида бўлиб, шу ерда ишлаб пул топишга нима етибди. Президентимизга минг раҳмат айтаман, биз ёшлар келажагини ҳар томонлама ўйлаб, қайғуряптилар. Биз албатта, Юртбошимиз ишончини оқлаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов ҳамда Алишер Саъдуллаевлар шу ерда ёшлар билан яқин, самимий мулоқот қилдилар. Уларнинг галдаги режалари, иссиқхоналардан қандай фойдаланишлари, қандай даромадга эга бўлишлари хусусида фикрларини эшитдилар ва атрофлича тушунчалар бердилар.
Ёшлар учун бундай имкониятларни яна туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилиши режалаштирилди.