Инсон қадри улуғлиги кафолати мужассам қомусимиз мангу барҳаёт бўлсин!!

Инсон қадри улуғлиги кафолати мужассам қомусимиз мангу барҳаёт бўлсин!!

Мустақил мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганига  бугун  ўттиз йил тўлди! 

Ватанимиз истиқлолга эришганидан сўнг давлатчилигимиз рамзи бўлган асосий қонунимизни яратиш учун анча изланишларга тўғри келган. Қадимий, миллий давлатчилигимизда яратилган қонунлар, тузуклар ўрганилган, етмишдан ортиқ мамлакатлар тажрибаси, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” қоидалари, умуммиллий қадриятларга таянилган ҳолда бугунги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси   қабул қилинган. 

Бу ўша давр учун чинакам воқелик эди. Унда давлатнинг  халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши,   инсон ҳуқуқлари, шахс эркинлиги, дахлсизлиги, мулкдорлик кафолатлаб берилган. Асосий қонунимиз асосида бир қанча қонунлар қабул қилиндики, буларнинг бари жамиятимиз ривожига, халқ фаровонлиги, тинч ҳаёт кечиришига, тадбиркорлик билан шуғулланиш, ҳар бир кишининг меҳнатига яраша мулк орттиришига, сайловларда қатнашиш, ўз хоҳиш иродасини намойиш этиши, сўз эркинлигининг таъминланишига замин яратди. Унда белгиланган тамойиллар туфайли нодавлат, нотижорат ва жамоат ташкилотлари ҳам ривожланди. 

Конституциянинг 2- моддасида белгиланган “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган қоида демократик бошқарув, халқ ҳокимиятчилиги томон қадам ташланаётганини ўзида намоён этади.

Ҳар қандай жамият ҳамиша бир жойда тўхтаб қолмайди, ҳар бир жараён ўсиш, ривожланиш, тараққиёт билан кечади. Йиллар ўтиши билан мамлакатимиз тараққий этар экан, қонун устуворлигини таъминлаш, демократияга йўл очиш мақсадида қатор ислоҳотлар илгари сурилди. Жумладан, илк бор асосий қонунимизга 2011 йил 18 апрелда ўзгартиш киритилди. 

Олий Мажлис Қонунчилик  палатасида энг кўп овоз олган ёхуд тенг овоз олган сиёсий партия депутатларига Бош вазир номзодини кўрсатиш ваколати берилди. Шунингдек 78- моддага киритилган ўзгартишга мувофиқ “мамлакатни ижтимоий –иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қилиш” сўзларини киритиш ижро ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва парламент назоратини кучайтиришда муҳим қадам бўлди.  

2017 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони  билан  Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”ни қабул қилиниши кўпгина ислоҳотларни амалга оширишга йўл очиб берди. Ушбу “Ҳаракатлар стратегияси”га асосан 2017 йил 6 апрелда  Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга мувофиқ, суд ҳокимиятининг нуфузи оширилди, одил судловни амалга ошириш тамойиллари кучайтирилди.

Мамлакатимизда илк бор иқтисодий ва маъмурий судлар тузилди. Буларнинг бари халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширилди. Жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш имконияти кенгайди. 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бугун жамият, давр  доимий ўзгаришда. Шунингдек инсонларнинг ҳам ҳуқуқий маданияти юксалиб, дунёқараши тараққий қилиб бормоқда. 

Бугунги кунда Конституциямизни янада такомиллаштириш масалалари илгари сурилмоқдаки, буларнинг бари фақат инсонлар, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари, айнан эртага эмас, бугундан яхши ҳаёт кечиришларини таъминлашга қаратилган. Инсон, жамият, давлат тамойилининг илгари сурилишида ҳам айнан шу ҳақиқат, холислик ва адолат принциплари устуворлик касб этади.

ҲУРМАТЛИ ВА ҚАДРЛИ ЮРТДОШЛАР!

Барчангизга  байрам муборак бўлсин!

Кўзлаган  мақсадларингиз сари илдам қадам босишингизда улкан муваффақиятлар  тилайман! 
                                                                                                                         Муборак Ахмедова                                                                                                                                Ўзбекистон Республикаси Олий 
Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари