Бугун мамлакатимизда томорқадан, шунингдек, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томорқалардан фойдаланишда иссиқхоналарнинг ўрни катта албатта. Қўшкўпир туманида бугунги кунда ҳар бир маҳаллада иссиқхона ташкил этилиб, бу борада эса тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Туманда 500 та иссиқхона қуриш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ҳа, иссиқхонанинг фойдаси кўп. Биргина “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Фазилат Раҳмонова мисолида оладиган бўлсак, у бу йил 3 сотихли ихчам иссиқхона ташкил қилди. Анашу 3 сотих ердан олинаётган помидор, бодринг, булгор қалампири, кўкат маҳсулотлари бугун нафақат ўзининг хонадонини балки, шу маҳаллада истиқомад қилувчи барча оилаларнинг дастурхонига файз-барака киритмоқда десак муболаға бўлмайди. Мана шу мавсумда бугунга қадар Фазилат Раҳмонова ўз оиласига иссиқхонадаги ҳосилдорлиги ортидан 5 млн. сўм даромад олиб кирди. Бу эса ҳосилнинг бошланиши. Томорқада ҳали пишиб етилишга ҳозирлик кўраётган маҳсулотлар талайгина.
-Бекорчидан Худо безор дейишади,-дейди келажакда тадбиркорликни йўлга қўйишни ният қилган фуқаро Ф. Раҳмонова.-Оила аъзоларим ҳам ишли бўлди. Бекорчиликка асло вақт йўқ. Ҳар бир дақиқамизни томорқада ўтказишга ўрганиб қолдик. Инсониятни боқаётган, унга фойда келтирадиган ҳам ер эканлигини янада чуқурроқ англаб етдик. Иссиқхонада ҳосилимиз кўп. Пишиб етилганини эса сотиб, даромад кўрмоқдамиз. Эндиликда эса ушбу иссиқхонани янада кенгайтириб, нафақат оила аъзоларимизни, балки ёшларни иш билан таъминлаш мақсадимиз бор.