ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН МУҲИМ ҲУЖЖАТ ИМКОНИЯТЛАРНИ КЕНГАЙТИРДИ
Жорий йилнинг 24 июль куни муҳим ҳужжат, яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 6269–сонли Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармон билан Давлат хизматлари кўрсатиш тартиби янада соддалаштирилди. 59 турдаги Давлат хизматларини кўрсатиш муддати ўртача 2 баравар қисқартирилди. 2022 йил 1 январдан 16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари томонидан ахолидан, тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилинди. Ушбу 16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.
Шунингдек, 2 та хизмат учун тўловлар бекор қилинди, хизмат кўрсатиш муддатлари ва талаб қилинадиган ҳужжатлар қисқартирилди.
Мазкур Фармонга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари,йиғимлар ва бошқа хар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади ( тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилган ҳолатлар бундан мустасно). 2021 йил 1 октябрга қадар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда “ТМЭК” ахборот тизимлари ЯИДХП билан интеграция қилинади. Бу орқали, давлат марказлари ёки ЯИДХП орқали давлат хизматлари кўрсатилишида тўловлар бўйича имтиёзга эга бўлган шахсларни реал вақт режимида аниқлаш ва тўлов миқдорини автоматик тарзда белгилаш тизими яратилади.
Ушбу механизмнинг жорий этилиши фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинишининг олдини олади, хизматдан фойдаланишдаги навбат кутишларни камайтириради. Бу билан турли коррупцион ҳолатлар юзага келишининг ҳам олди олинади. Натижада аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ошади, уларнинг шаффофлиги таъминланади.
Фармон билан жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказишнинг шаффоф тартиби жорий этилмоқда. Малака сертификатларини бериш ва аттестациядан ўтказиш учун мурожаатлар электрон шаклда қабул қилинади ва ўтказиладаган имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) тушурилади, тўланадиган давлат божлари Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади. Имтиҳон олишда саволлар тест кўринишида компьютер воситаси орқали олинади ва натажаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади, малака сертификатлари ва аттестация гувоҳномалари QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу Фармон “Бюрократияни йўқотадиган муҳим ҳужжат” хисобланади.