ҚАБУЛ МУАММОЛАРГА ЕЧИМДИР
Бугун Қўшкўпир туман ҳокимининг навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Қабулни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилбек Артиқов ўтказди ва фуқаролар муаммоларини бирма бир тинглади.
-Якка-ёлғиз яшайдиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тиббий воситалар, яъни, тиббий ниқоб, антисептик воситалар олиб тарқатиш учун дорихоналар билан шартнома тузишда қийналяпмиз,-дейди туман Тиббий ижтимоий бўлимда фаолият олиб борувчи Дилором Юсупова.
Шу ернинг ўзида ушбу фуқаронинг мурожаати ижобий ечимини топди, яъни, дорихоналар билан шартнома тузишга келишилди.
Шу ва шу каби 11 нафар фуқаронинг ишга жойлашиш, арзон уй-жой билан таъминлаш, йўл, иссиқхона, кредит, моддий ёрдам каби муаммолари ечимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Айримлари жойида ҳал қилинган бўлса, айримларининг ўрганилиши юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.