КИТОБ – ҲАЁТНИ ЎРГАТУВЧИ МУРАББИЙ

 

         Бизни маънавиятимизни юксалтириб, дунёқарашимизни кенгайтиришда, ҳаёт ва жамиятда ўзимизнинг муносиб ўрнимизни топиб, келажак авлодга эзгу амалий ишларимиз билан ўрнак ва намуна бўла олишимизда тўғри йўлни кўрсатадиган буюк устоз борки, биз буни китоб деб атаймиз.

Ҳақиқатдан ҳам, инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаига айланган китоб халқимиз учун мўътабар ва мукаддас саналиб келган. Шу боисдан китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

         Қўлга китоб олиб, ҳидлаб, варақлаб ўқир экансан, инсонга маънавий сокинлик бахш этаётганини ҳис этасан киши.

         Афсуски, жамиятимизда, орамизда шундайлар ҳам йўқ эмаски, китоб жавонини китоблар эмас,  турли замонавий идиш-товоқлар эгаллаб турганини кўрамиз. Фарзандига битта китоб сотиб олиб бериш ўрнига, қўлига телефон ёки кийим-кечаклар олиб беришади. Тўй-базм, туғилган кунлар учун олинадиган қиммат совға-саломларга топиладиган пул айрим пайтларда нархи арзон эртак китоб сотиб олишга топилмай қолиши инсонда ачиниш ҳиссини уйғотади.

Ҳаётда рўй бериб турадиган айрим манашундай нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинт аччиқ мевасидир. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали шаклланади. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс.

Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар.

         Биз фарзандимизни келажакда буюк инсон бўлиб вояга етишишини, Ал-Хоразмий, Ибн-Сино, Жалолиддин Мангуберди каби буюк инсонлар бўлишини истаймиз. Бироқ манашу истагимизнинг негизида аввало ота-она тарбияси, китоб ўқиш маданияти мужассам эканлигини унутмаслигимиз лозим. Ҳар бир оилада аввало ота-она фарзандига китоб ўқиш ва мутолаа қилишда намуна бўла олиши лозим.

Атоқли адибимиз Ойбекнинг шундай сўзлари бор: “Китоб – тафаккурнинг толмас қанотидир”.

Биз олдимизга шуни мақсад қилишимиз керакки, фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин. Шундагина эртамиз эгалари бўлган ёшлар биз орзу қилгандек, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичикка меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олийжаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.

 

ҚЎШКЎПИР ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари