ҚОНУННИ БИЛМАСЛИК ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ЭТОЛМАЙДИ

          Туман прокуратураси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат кўмитаси ҳамкорлигида тезкор профилактик тадбирлар ўтказилганда Қўшкўпир тумани Ғозовот қишлоғи “Меҳнатобод” маҳалласида ноқонуний тарзда дарахт кесган фуқаро аниқланди.  

Унга кўра шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро (Ф.Р.) ўзбошимчалик билан  давлат заҳираси ҳисобидаги  10 туп гужум дарахтини тегишли ташкилотлардан сўрамасдан, уларнинг рухсатномасини олмасдан туриб кесиб ташлаган.  

         - Бундай аянчли манзарага тез-тез гувоҳ бўлишнинг ўзи ачинарли ҳолат,- дейди Қўшкўпир туман экология инспектори бош мутахассиси Норбек Ғаффороф. - Бу каби салбий ҳолатлар аҳолининг экологик-ҳуқуқий маданияти юқори даражада эмаслиги ҳамда айрим фуқароларнинг ўз манфаати ва эҳтиёжларини қондиришлари оқибатида юзага келмоқда. Бу ҳаракатлар эса қонунга хилофдир. Ҳар бир инсоннинг ўсимликларга бўлган эътибори ва парваришини кучайтиришимиз лозим. Ўсимлик оламига бугун манашундай муносабатда бўладиган бўлсак,  биз аввало ўзимизга хиёнат, ўз-ўзимизга ёмонлик қилган бўламиз.   

Текширишлар давомида  туман прокурори ёрдамчиси Алишер Талипов ҳам манзарали дарахтларни кесиб, яшиллик оламига путур етказган фуқаро билан суҳбатлашганида фуқаро ўз ноқонуний ҳаракатига иқрор бўлди ва қонунни яхши билмаганлиги юзасидан содир қилган қилмишига пушаймонлигини билдирди.

Афсуски, қонунни яхши билмаслик жавобгарликдан озод этолмайди. Фуқаронинг қилмиши юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Табиатга зарар етказган фуқаро энди қонун олдида жавоб беради.

            Бутун борлиққа яшиллик улашувчи табиат, атроф-муҳитга кўркамлик бағишловчи дарахтлар биз ҳақимизда сўзлайди. Унга озор етказиш ўзимизга зиён етказиш билан баробардир. Табиатни асрайлик, унинг неъматларига меҳр билан боқайлик. Зеро, табиатни авайлаш – ҳаётни эъзозлашдир.


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари