КЎЧА НОМЛАРИ-МАЪНАВИЯТ БЕЛГИСИ

Аслида кўпчилигимиз шунчаки оддий кўриниш, оддийгина ном деб атаётган кўча номлари, географик объектларнинг номланиши жуда катта аҳамиятга ва чуқур маънога эга. Авлодимиз давомчилари, ўсиб келаётган эртанги кунимизнинг ишончли кучига айланиб бораётган болажонларимизда катта қизиқиш ва турфа хил саволлар уйғотиши табиий.

Яқинда 4 яшар фарзандим мендан қайси кўчада яшашимизни, унинг қандай номланишини сўраб қолди. Шунда мен, ўғлим бизнинг кўчамиз “Зафар” деб номланади. Бу сўзнинг маъноси эса “ғалаба”, “муваффақият”, “ютуқ” деган маъноларни англатади. Инсон ўз исмидан қанчалик фахрланса, ғурурлик ҳиссини туйса, кўчалар ҳам ўз номи билан мағрур туради. Шу кўчада истиқомад қилувчиларнинг кимлиги, қандай инсон эканлигини бир сўз билан ифодалаб беради, дея жавоб қайтардим. Фарзандим ўртоғлари яшаётган маҳалла ва кўча номларига эътибор қаратиб, уларнинг маъноларини ҳам бир-бир сўрай бошлади.

Шундан англаш мумкинки, бир сўз билан ифодаланаётган кўча, маҳалла номлари келажак авлод руҳиятига катта таъсир кўрсатиб, унинг тафаккури, дунёқарашини ўзгартира олади. Бунда эса катта ёш вакилларининг ҳам ўрни катта. Масалан, “Алишер Навоий”, “Маърифат”, “Зиё”, “Тафаккур”, “Нодирабегим” каби номлар инсонни илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Бир кўчанинг “Алишер Навоий” деб номланишига эътибор қаратадиган бўлсак, бу сўзнинг замирида чуқур маъно мужассамлигини кўриш мумкин. Шоирнинг болалигида қандай инсон бўлганлиги, маърифатга, илмга ошно тутинганлиги, ўзбек тили асосчиси дея эътироф этилаётганлиги ёш авлоднинг ҳам шундай инсон бўлиб етишишига ундайди.

Шундай экан, кўчалар номланиши фақатгина номланиш билан чегараланмай, инсон қалбига, фарзандлар тақдири ва келажагига ижобий таъсир кўрсата олиши лозим. Кўчамизнинг, маҳалла ва қишлоғимизнинг номларини ўз фарзандларимизга тушунтириб беришдан бошлашимиз зарур. Таълим ва тарбияга ундовчи, илм-маърифат ва маданиятдан сабоқ берувчи географик номлар аслида маънавиятимиз белгиси эканлигини унутмайлик. Зеро, маънавият оиладан, бугундан бошланади.   

Нодира ЭШЧАНОВА,

Туман ҳокимининг маънавий-маърифий

ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

риоя этилишини таъминлаш масалалари

 бўйича маслаҳатчиси


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари