Қўшкўпир туманида кўчма автодўконларнинг узлуксиз фаолияти кенг йўлга қўйилди. Карантин пайтида аҳолига қулайлик ва енгиллик яратиш мақсадида марказдан олисдаги “Хосиён”, “Шихмашхад”, “Кенагас” каби 10 дан ортиқ ҳудудларда туман ҳокимлиги, туман прокуратураси томонидан кўчма савдо дўконлар ташкил қилинди. Марказдан 25-30 км узоқда жойлашган маҳалларларга кириб борган автодўконлар аҳолига арзонлаштирилган қишлоқ ҳўжалиги ва ҳар хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан хизмат қилмоқда.
Савдо жараёнида эса харидорлардан оралиқ масофани сақлаш, махсус ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, ёш болалар ва ёши катта фуқароларнинг кўчага чиқмаслиги талаб қилинмоқда. Бугунги синовли кунларни бошдан кечираётган меҳрибон ва олижаноб халқимиз, сабр, метин-ирода, бирдамлик ва ҳамжиҳатликда ўз олдидаги барча тўсиқ ва муаммоларни енгиб ўтишга қодир. Шундай экан, ўзингиз ва атрофдагилар саломатлигини асранг.