Қўшкўпир туманининг Хадра қишлоғида тадбиркорлик ривожига ҳисса қўшиш, аҳоли хонадонларини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида «Болта хўжа» фермер хўжалиги янги йилдан ўз фаолиятини кенгайтирди. Яъни, олдинлари ушбу фермер хўжалик маҳаллий қорамоллар сонини кўпайтираётган бўлса, эндиликда эса бу фаолият такомиллашди, наслли қорамоллар боқиш йўлга қўйилди. -Қишлоқ хўжалигининг имконияти кенг,-дейди «Болта хўжа» фермер хўжалиги раҳбари Олланазар Машарипов.- Фойданинг кони, фаровонлик манбаи қорамолчиликда деб билдим. Маҳаллий сигирлардан кунига ўртача 4-5 литр, наслли қорамоллардан эса ўртача 12-15 литр сут олинади. Олти ойлик зотли новвослар эса 300-350 килограмм тош босади. Меҳнатимиз билан халқимизнинг корига ярасак, хизматида бўлиб, оз бўлсада эҳтиёжларини қондира олсак биз бундан мамнунмиз. Тадбирли киши элга манзур, деганлари рост. Халқ манфаатини, эл тараққиётини ўйлаб бугунидан эртанги кунининг истиқболи учун қайғураётган тадбиркор О.Машарипов халқ банкидан 83200 АҚШ доллор кредит эвазига Эстония давлатидан 32 та наслли қорамол олиб келган. Натижада яна бешта қўшимча иш ўрини яратилиб, ишчи кучи билан таъминланди. Ҳа, бундан кўринадики, наслли қорамол боқиш, бу борада илм-фан ютуқларини, хорижий тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш орқали сут ва гўшт маҳсулотлари етиштириш, фуқароларнинг реал даромадларини кўтариш ва нарх-навони бирмунча пасайтириш имконияти кенгаяди.