Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар томонлама муаммоларини ҳал этиш, тушкун вазиятдан олиб чиқиш мақсадида республикамизнинг барча жойларидан ёрдам қўллари чўзилган бўлиб, ҳусусан Қўшкўпир туманидан ҳам озиқ - овқат маҳсулотлари ва кийим кечаклар солинган махсус юк ташиш машиналари жўнатилган эди. Шунингдек, аҳоли уйларини қайтадан тиклаш, ўз ҳолини сақлаб қолган уйларнинг асл ҳолатига келтириш ва таъмирлаш мақсадида туманимизнинг бир қатор кўнгилли ёшлари, ғишт терувчи, бетон қуювчи, пардозловчи ва бошқа мутахассислар Сирдарёга жўнатилган.
Ушбу саховат кўмагига туманда фаолият кўрсатувчи “Мухаммад Расул қурилиш сервис” хусусий корхонаси ҳамда “Довудли Одомбой” хусусий корхонаси ишчи ходимлари жалб қилинган.
Қўшкўпирлик қурувчиларга Сардоба туманининг “Қўрғонтепа” МФЙдаги 14 та хонадон бириктирилган бўлиб, бугунги кунда иш жараёни жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу уйларнинг кўп қисми жуда яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги сабабли уйларнинг тепа ва паст қисмлари, эшик ва деразалар янгидан ўрнатилмоқда. Хонадонлар бутунлай янги қиёфа кашф этилмоқда.
“Биз қурилиш ва таъмирлаш ишларини белгиланган муддатдан кўра олдинроқ бажаришни режелаштирганмиз,-дейди туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Равшан Матёқубов.-Қурувчилар учун барча шароитлар етарли. 3 маҳал иссиқ овқат яхши ташкил этилган, қолаверса, ишчиларнинг иш ҳақлари ўз вақтида берилмоқда.
Ушбу саҳоватли, савобли ишларда жонкуярлик билан виждонан ёндошиб меҳнат қилаётган қурувчиларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.