МУҲИМ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МАЪҚУЛЛАНДИ.
МУҲИМ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МАЪҚУЛЛАНДИ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 сентябрь куни мамлакатимизда хирургия хизматини трансформация қилишга оид тақдимот билан танишиш чоғида соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар билан бирга, тизимдаги камчиликлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари ҳақида тўхталиб, бунинг учун зарур шароит яратиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси олдига “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ва қонун ижодкорлиги фаолиятига жамоатчиликни кенг жалб қилиш, жумладан, аҳоли ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказган ҳолда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ўрганиб, уларни лойиҳада акс эттириш вазифаси қўйилганди.
Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 17-23 сентябрь кунлари мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида депутатлар, Қонунчилик палатаси Девони ходимлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан ҳудудларда лойиҳадаги нормалар ва киритилган янгиликларни жамоатчиликка тушунтиришга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Қонун лойиҳаси халқаро тажрибадан келиб чиқиб, “Тирик донордан аъзоларни ёки тўқималарни трансплантация учун олиш фақат реципиентнинг соғлиғини кўзлаб ҳамда муқобил даволаш усули мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилиши мумкин”, деган норма билан тўлдирилди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдириб, аъзолар ва тўқималар трансплантациясини бажаришдаги мақсадлар ва шартларни аниқлаган ҳолда, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларнинг қисқаришига олиб келади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Муборак Аҳмедова; Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати