МУНОСАБАТ: ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР ЙЎЛИ

Мана яқинда муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси йўлланди. Ушбу муҳим тарихий ҳужжатни халқимиз интиқлик билан кутиб, қарши олди. Мурожаатнома билан танишар эканмиз, Юртбошимиз энг аввало яқинда бўлиб ўтган  “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остидаги сайловларга тўхталиб ўтиб, мазкур жараёнлар демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келганини таъкидлади. Албатта, мазкур сиёсий туб ўзгаришларни Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўзида ҳис қилди, фаол иштирок этди деб бемалол айта оламиз.  Сайловлар очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун юртимизга 50 га яқин давлатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок этгани ва айнан бизнинг Қўшкўпир туманимизга ҳам сайлов жараёнларини баҳолаш, кузатиш учун бир қатор давлатлардан меҳмонлар ташриф буюргани бизни бағоятда қувонтирди.

Мурожаатномани партия ходимлари ва Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан биргаликда диққат билан тингладик ва унда кўзда тутилган устувор вазифаларни муҳим дастуриламал қилиб ўзларимизга белгилаб олдик.

Мурожаатномада маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказишнинг уч поғонали тизимини оптималлаштириш, бунда туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида қайд этилдики, бу албатта, келгусида сайловларнинг янада такомиллашишига замин ҳозирлайди. Президентимиз барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб айтдики, демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйган эканмиз, албатта, демократик ислоҳотларга таянишимиз зарур. Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб бериш ҳар бир депутат, сенатор, ташкилот мутассаддиларининг асосий мақсадига айланмоғи зарур.

Мазкур мурожаатноманинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у ҳаётимизнинг барча соҳасини, барча ёш вакиллари манфаатларини қамраб олганлигидир. Ўйлайманки, келгусида ҳар бир соҳада мазкур сиёсий ҳужжатда белгиланган вазифалар эътиборга олинади ва фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Шаҳноза ТАНГРИБЕРГАНОВА,

ЎзМТДП Қўшкўпир туман Кенгаши раиси


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари