МУРОЖААТНОМАГА МУНОСАБАТ

Муаммоси йўқ жамият тинч – тотув ва фаровон яшашга ҳақлидир

Мана 2022 йилнинг якунланишига ҳам саноқли кунлар қолди.  Ҳар йил якунида одат тусига айланган ўтган йилнинг сарҳисоби ва янги йилнинг номланишини  халқимиз катта қизиқиш билан  ўзгача кутиб олишади. 

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини бутун бир халқ ўлароқ, мен ҳам шу юртнинг онгли бир фуқароси, шу билан биргаликда раҳбар аёл сифатида кузатдим ва ўзим учун йил якунидаги таҳлилларни ҳамда янги йилнинг самарали режаларини тузиб олишга ҳаракат қилдим. 

Сўнгги йилларда шиддат билан ривожланиб бораётган юртимизда олис қишлоқларимиздан тортиб, гўзал шаҳарларимизгача  иқтисодий ўсиш, маънавий юксалиш асосий мезон қилиб белгиланди. 

Жорий йилда юртбошимизнинг ташаббуслари билан ҳар бир оилада касб-ҳунарга бўлган эътиборни кучайтириш, хусусий тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш устувор вазифа этиб белгиланди ва бу шаксиз  ўз самарасини берганига аминмиз.

Ёшларимиз илм-фан, спорт йўналишларида зафарларга эришиб,  юртимиз байроғини баланд кўтараётганлари ва ислоҳотларимиз янада кенгайиб бораётгани, шубҳасиз, Янги Ўзбекистон даврига қўйилган илк қадамлардир дейиш мумкин.. Эзгу мақсадимиз, маслагимиз ҳам бир бутунликка айланиб, улкан марралар сари илдамлаётганимиз бугун жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда.Бизнинг юртда инсон қадри улуғ эканлиги, аввало, инсон манфаатлари ҳар недан устун эканлигини барча жабҳада кузатиб, гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан, 2023 –йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб номланиши бунинг яққол далилидир. 

Юртбошимиз “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилишини, мазмуни “инсон қадрини улуғлаш” руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги, фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар, албатта, инобатга олиниши ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилиши, энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак,” -дея таъкидлаб ўтдилар.

Маҳалла тизими ходими сифатида, юртбошимизнинг ушбу тизимга алоҳида эътибор қаратаётгани, “Юрт тинчлиги, ободлиги, аввало, маҳаллалардан бошланишини, маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғони” дея таъкидлаб ўтганлиги, эндиликда, маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши, 2023 йил  1 январдан бошлаб, мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолиши, шунингдек, бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилиши, 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр, йўл, мактаб каби лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилиши, ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтганлиги барча юртдошларимиз қатори, мени ҳам жуда қувонтирди ва ғурурлантирди. 

Чунки маҳаллаларда муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, жамиятда муаммо бўлмайди. Муаммоси йўқ жамият тинч – тотув ва фаровон яшашга ҳақлидир.

О.Рахимова
Қўшкўпир туман кенгаши депутати 

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари