МУРОЖААТНОМАГА МУНОСАБАТ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини тинглар эканмиз, Янги Ўзбекистонни барпо этишда пухта ўйланган стратегиянинг мавжудлигини, инсон қадрини муҳим сиёсий даражага олиб чиқилишини, мамлакатда давлат бошқаруви, ижтимоий соҳа ва бошқа соҳаларда кутилаётган ўзгаришлар халқ, жамиятимиз истакларига монанд позицияни кўрамиз. Инсон қадрини улуғлаш, Ўзбекистонда сифатли таълимга эга бўлган миллат яратиш ва бунинг учун халқимизнинг ҳар бир вакилини ҳар томонлама ривожланишига эътибор бериш асосий мақсад сифатида қаралмоқда. Президентимиз мукаммал интеллект орқалигина давлат ривожига таъсир, яъни билимли авлодга таяниб мавжуд соҳаларни ривожлантиришга эришишни асосий вазифа қилиб белгиладилар.Бу эса ўз навбатида мамлакат иқтисодини кўтариш, барча жабҳаларда ривожланишга эришиш, давлатнинг рақобатбардошлилигини таъминлашда асос бўлишини олдиндан кўра билишдир.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ушбу Мурожаатномаси барча йўналишларни қамраб олиш билан алоҳида эътиборга молик бўлди. Жумладан, олий таълимга қабул квоталарини доимий равишда ошириб бориш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, давлат грантини икки бараварга кўпайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, дориларнинг электрон реестрини яратиш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш, коррупцияга қарши курашиш каби ташаббуслар барча-барча юртдошларимизни юрагигача етиб борди, десак, муболаға бўлмайди.Айниқса, ижтимоий соҳанинг ривожига қаратилаётган ислоҳотлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ҳам фаолиятида ҳам улкан аҳамият касб этади.
Таълимни ривожлантириш ғоясини умуминсоний ҳаракатга айлантириш , келажакни ҳозирданоқ, бугундан сифатли барпо этишга интилиш , она ва бола саломатлигига эътибор, ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига кўмаклашишнинг янгича структурасини ишлаб чиқиш, жамики масалалар мурожаатномада ўз аксини топди.
Халқимизни рози қилиш учун амалга оширилиши зарур бўлган таклифларнинг давлатимиз раҳбари томонидан аниқ ҳуқуқий механизмлари билан кўрсатиб берилиши бизнинг ўз фаолиятимизга бўлган масъулиятимизни яна бир бор оширди. Биз энди халқ вакили сифатида барча юртдошларимизнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш учун зарур бўлган муҳим йўналишларни ўз олдимизга аниқ мақсадлар қўйган ҳолда мукаммал режаларни қўйиб олишимиз зарур.
Энг асосийси, фаровон ҳаёт, ривожланган Ўзбекистон биз учун энди узоқ келажак эмас. Қилинаётган ишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар орқали биз буюк келажакка тобора яқинлашмоқдамиз. Буни халқимиз ҳам ич-ичидан сезмоқда, эртаси фаровон бўлишига ишонмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз эса белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш орқали ана ўша ишончни оқлашдан иборатдир.
С.Худайберганова
Халк депутатлари вилоят кенгаши депутати
ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ