Мақсадлари ғаламислик, нохолис ахборот тарқатишми?
Ижтимоий тармоқларда “Озодлик” радиоси мухбирлари томонидан Қўшкўпир тумани Ғозовот қишлоғи Шеробод маҳалласида истиқомат қилаётган Умаровлар хонадонида уч нафар эгизак тарбияланаётгани, оиладаги моддий етишмовчилик, туман раҳбарлари уларнинг ҳолидан хабар олмаётгани ҳақида хабар тарқатилди. Бунга балки кимлардир ишонгандир, юртимиз ҳақида ўзгача фикрлар пайдо бўлгандир, кимлардир балки нохолис ахборот тарқатганларга қўшилиб, тош отишга шайлангандир? Аслида бор ҳақиқат рўй- рост айтилганми, воқелик қандай бўлган? - Хонадонимизга кўп одам келади,- дейди оила онахони, эгизакларнинг бувиси Дилбаржон Рўзметова,- буни табиий ҳол деб қабул қиламиз. Айниқса туманнинг катталари, маҳалла фаоллари тез -тез келиб хабар олиб туришади. Уч нафар эгизак яхши ўсаяптими, қийинчиликлар йўқми, деб сўрашади, тиббиёт ходимлари ҳам кунда- кунора келиб текшириб кетишади. Ўша куни биз умуман танимаган- билмаган одамлар келишди. Ўзларини “Озодлик” ни мухбирларимиз деб аташди. Сизларга ёрдам бергани келдик, туман раҳбарлари ёрдам беришадими ўзи деб сўрашди. Мен чақалоқлар туғилганида туманимиз ҳокими учта коляскани совға- саломлар билан олиб келганини, уч миллион сўм пул беришганини, яна бошқа ташкилотлардан ҳам совғалар олиб турганимизни айтдим. Болалар учун сунъий сут озуқа маҳсулотлари, ҳатто памперс ва ўйинчоқлар ҳам келтирганларини миннатдор бўлиб гапирдим. Улар негадир бу гапларга эътибор беришмади. “Сизларга ўзимиз бошқача тарзда ёрдам берамиз, шароитларингиз яхши эмас-ку, сизларнинг ҳақиқий аҳволингиз Президентга етиб бормаган, бу ернинг раҳбарлари сизларни алдашади. Сизларга машина бериш керак уй жойларингизни таъмирлаб беришлари керак” деган гапларни айтиб, бизни чалғитишди. Ҳокимимиз икки хонани таъмирлатиб бермоқчи деган гапни ҳам айтдик. Улар нима десак шуни бошқача талқин қилишди. Келиним Хуршида ёшлик, ғўрлик қилиб уларнинг гапига илиқди, назарида ўша мухбирлар бизга машина, уй жой олиб бермоқчидек туюлди. Яна ҳар бир гапларида бизга муаммоларингизни очиқ айтинглар, биз Президентга етказамиз, ҳеч қаерга тарқатмаймиз, агар гапирмасангизлар сизларга ким ёрдам беради, шу пайтгача уйларингизни таъмирлаб беришмабдику, фарзандларингиз учун ҳам пулни тўғри ҳисоблаб беришмаган деб келинимнинг кўнглига шубҳа солдилар. Тўғриси, бизни бировдан кам жойимиз йўқ. Бу эгизакларни Аллоҳ сийлаб берибдими, шукрини қилиб тарбиялаймиз. Ҳолимиздан хабар олиб турган туман раҳбарларига минг раҳмат. Ҳоким ўринбосари ( туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими раисининг ўринбосарини айтаяпти) Ойбиби Раҳимова тез -тез совға саломлар билан келиб туради. Телефонда йўқлайди, камчиликлар йўқми деб сўрайди. Нолишга ўрнимиз йўқ. Эгизаклар соғлом ўсмоқда. Эгизакларнинг онаси Хуршида Маҳмудова эса : -Мен ҳеч кимни ёмонламоқчи эмасдим. Муаммоларни айтинг, айтинг, биз ҳамиша халққа ёрдам бериб, ҳукуматга эшитганларимизни етказиб турамиз. Бизнинг аралашувимиз билан юртингизда кўп муаммолар ечилган деб мисоллар келтирдилар. Шунда ўйланиб қолдим. Балки ҳақиқатдан ҳам менга нафақа пулини кам беришаётгандир деб ўйладим. Лекин маҳалламиз раиси нафақа пулни қай тартибда ажратилиши ҳақида ўз вақтида тушунча берган эди. Мен буларнинг гапига илиқибман. Турмушимиздан нолимайман. Карантин даври тугагач, болаларим сал катта бўлса ишга кирмоқчиман. Биз аёллар учун иш ўринлари очилмоқда. Имкониятлардан фойдаланиш ниятим бор. Мана бор ҳақиқат, улар дилларида неки бўлса, шуни тилларига олдилар. «Ўша мухбирларнинг нияти нима эканлигини тушунмадик, нега оқни қора дейишади, нега бизни алдашади» деб хафа бўлишди. Нима ҳам дердик, соддани алдаш осон, алдов билан ниятига эришаётганлар озми? Шундан шунга “Озодлик”мухбирларини нима етаклаб келган? Нега улар ютуқларга эришаётган ёшлар, спортчилар, хайр саховат ишларини амалга ошираётган тадбиркорлар, халқ манфаати йўлида меҳнат қилиб обрў топаётган инсонлар билан суҳбатлашиб, юртимиздаги ривожланишларни қаламга олишмайди-ю, нуқул иллат, тирноқ остидан кир қидиришади? Агар иллат нуқсон топишмаса, ясаб бежашади, содда одамлардан фойдаланишади?Бу билан нимага эришмоқчилар деган савол туғилади? Ўз юртига тош отиш билан кўнгиллари балки таскин топаётгандир, балки шу йўл билан ўзларига ҳомийлик қилаётган айрим гуруҳлар олдида қарзларини узмоқчидирлар? Буниси энди бизга қоронғу. Фақат бир нарса аён, юртимизда бўлаётган ўсиш ўзгаришларни, инсонларимиз баҳамжиҳатлик билан шукроналик туйғусини дилларига тугиб, юрт равнағи йўлида меҳнат қилаётганликларини кўриб, ҳасад ўтида қоврилганлари, аламзадалик гирдобига тушиб қолганлари рост. Акс ҳолда яхши ишлар, билдирилган яхши фикрлар бир четда қолиб, чумолидан фил ясашга уринмасдилар. Тўғри, камчиликлар бор. Буни Президентимиз ҳам йиғилишларда таъкидлаяпти. Юртбошимиз раҳнамолигида халқимиз турмуш даражасини юксалтириш учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда, ёшлар, аёллар бандлигига эътибор қаратилиб, имтиёзли шартларда кредитлар ажратилмоқда. Ўсиш ўзгаришлар катта. Айниқса бугунги пандемия шароитида ҳам амалга оширилаётган ишларни кўриб жаҳон аҳли қойил қолмоқда. Бироқ бир пайтлари Ватанимиздан чиқиб кетиб, ватанфуруш номини олганлар ҳануз камчилик ахтариб, тиш қайраш билан оворалар. Салгина камчиликни баҳона қилиб, Ўзбекистонга лой чаплашга интиладилар. Лекин бузоқнинг югургани сомонхонагача,итлар ҳураверади, карвон ўтаверади. Ғаламисликни умри қисқа, кўнгли қоранинг бир куни юзи қора бўлиши турган гап. Бизнинг халқимиз сиз каби ғаламисларнинг нохолис ахборотига асло чалғимайдилар.