Меҳнат дафтарчамдаги исмим нотўғри ёзилган бўлса нима бўлади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарорига асосан давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унинг 73-бандида қуйидагилар келтирилган.
Агар иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжатда кўрсатилган исми, отасининг исми ёки фамилияси паспорт (идентификация ID-карта) ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича исми, отасининг исми ёки фамилияси билан мос бўлмаса ушбу ҳужжатнинг мазкур шахсга тегишлилиги ҳолати фақат меҳнат дафтарчасини ёки иш стажи тўғрисидаги бошқа ҳужжатни биринчи марта берган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкин. Бошқа барча ҳолларда ҳужжатларнинг тааллуқлилиги суд томонидан белгиланиши шарт.
Иш стажи тўғрисида тақдим этилган ҳужжатда аниқ саналар белгиланмасдан фақат йиллар кўрсатилган ҳолларда тегишли йилнинг 1 июли сана сифатида қабул қилинади, агар ойнинг санаси кўрсатилмаган бўлса, тегишли ойнинг 15-куни ана шундай сана ҳисобланади.
РАВШАНБЕК ДЖУМАНИЯЗОВ
Пенсия жамғармаси туман
бўлими бошлиғи.