Меҳнат дафтарчани асранг
Пенсия қонунчилигига асосан меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. 2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан белгиланади.
Бундан ташқари 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш хизмати жорий этилади. Давлат пенсияларини тайинлаш «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.
Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.
РАВШАНБЕК ЖУМАНИЯЗОВ
Пенсия жамғармаси туман
бўлими бошлиғи.