О.Артиқов "Обод қишлоқ" дастури бўйича тавсиялар берди
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-5386-сонли “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилда Қўшкўпир туманининг 3 та, яъни, “Кўктом”, “Полвон”, “Зарбдор” маҳаллалари “Обод қишлоқ” дастурига киритилди. Шу асосда фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларга қулай шароитлар яратиб бериш мақсадида электрь тармоқлари, табиий газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишлари, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, кўча ёритгичлар ўрнатиш, пиёдалар йўлакчалари ташкил этиш каби кўпгина ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Қўшкўпир туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилбек Артиқов кеча “Кўктом” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар билан учрашди.
Аҳолини шу маҳалладаги “Худайназар” тўйхонасига бир пиёла чойга таклиф қилди ва улар кўмаги билан қилинадиган, яъни, ариқларни сифатли кўринишга келтириш, уйларни том ва фасад қисмлари, ошхона ва хожатхоналарни таъмирлаш, теварак-атрофни озода сақлаш, кўчаларда манзарали дарахтзорлар ва гулзорлар ташкил этиш каби ишлар режалаштириб олинди.
Аҳоли томонидан турли фикрлар, таклифлар ҳам билдирилди. Маҳалласи обод ва қулай шароитларга эга бўлишидан мамнун “Кўктом” аҳли О.Артиқов томонидан билдирилган фикрлар, топшириқларни хурсандчилик билан қабул қилдилар ва шижоат, ғайрат билан ишга киришиб, маҳалла ободлигига ҳисса қўшишларини таъкидладилар. Йиғилганлар ош билан сийландилар. Созандалар эса ўзларининг дилтортар наволари билан барчага кўтаринки кайфият бағишлади.