Оила шундай даргоҳки, гоҳида уни ифода этишга тил ожизлик қилади, сўзлар етишмайди, энг гўзал, энг ширин сўзлар камдек туюлаверади гўё. Аллоҳнинг бир мўъжизаси, илоҳийдан яралган ушбу масканни оила деб атаймиз. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик бўлса, ўша жамият бузилади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўладилар. Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Бу эса нафақат келин-куёвнинг ота-она сифатида соғлом бўлиши, балки келажак авлоднинг соғ-омон дунёга келишига замин яратади. Ҳар бир инсон ўз оиласининг таянчига айланиб, унинг тақдирини бугундан ўйлаши лозимдир.