Оила шундай муқаддас қўрғон, азиз даргоҳки, гоҳида кўпчилигимиз ушбу мўътабар ва улуғ масканни моҳиятини тўла тушунмай, англолмай қоламиз. Шу боисдан ажримлар, фарзандларнинг ота-оналаридан ажралиб, етим қолиши, оилалар тинчлигининг бузилиши каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда. Эрта никоҳ қуриш, қариндошлар билан турмуш қуриш ҳам кўп ҳолларда ажримларни келтириб чиқармоқда.
Мамлакатимизда ҳам оилалар мустаҳкамлигини, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жамият фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Конституциямизда ҳам оила тўғрисида алоҳида боб ажратилиб, оила манфаатлари муҳофаза қилинаётганлиги ва оила мустаҳкамлиги тамойиллари белгиланиб, кафолатлангани бежиз эмас.
Худди шунингдек, оила никоҳ муносабатларини янада мустаҳкамлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлиги ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарувчи муҳим қадам бўлганини таъкидлаш ўринли.
Ҳар бир инсон жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга, ҳурмат ва обрў қозонишга, бахтли ҳаёт тарзига эга бўлишга ҳаракат қилишни мақсад қилар экан, аввало, буларнинг барчасига оила бутунлиги, мустаҳкамлиги, ҳамжиҳатлиги билан эришиш мумкинлигини унутмаслиги лозим.