ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ БЎЛИБ ЎТДИ
Муҳтарам Президентимизнинг “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, – дея таъкидлаган гаплари бугунги кунда Қўшкўпир туманимиз ҳаётида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Туманда ёшлар келажаги ва уларнинг истиқболли ҳаёти учун кўпгина сай-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш бўйича тўғри кўрсатмалар бериш, шунингдек, муаммо, савол ва масалаларига ечим топиш мақсадида бугун “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” ва бошқа бир қанча тадбирлар ташкил этилди. “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” да 300 нафардан ортиқ ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари ва истиқболли режалари билан иштирок этдилар. Ёшлар томонидан берилган саволлар ва билдирилган муаммолар туман ҳокими Ж.Раҳимов ҳамда сектор раҳбарларининг диққат марказида бўлиб, кўпгина масалалар шу ернинг ўзида ҳал қилинди.
Шунингдек, ёшлар учун меҳнат ярмаркалари ташкил қилиниб, уларга 33 та корхона ва ташкилотдан 296 та бўш иш ўринлари тақдим этилди. Жами 48 нафардан ортиқ ёшлар шу ернинг ўзида ўзларига маъқул бўлган иш ўринларига йўлланма олдилар. 12 нафарига эса меҳнат қонунчилиги доирасида тўлиқ тушунчалар берилди.
– Мен Юртбошимизнинг Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир,-деган сўзларидан куч оламан, эртангги кунимга тўлиқ ишонч билан боқаман, -дейди Зайнаб Эркинова.-Ўз мутахассислигим бўйича тиббиёт соҳасига ҳамшира сифатида ишга жойлашишимга бугун йўлланма берилди. Энди, мен биз ёшларга билдирилган юксак ишончни халқимизга хизмат қилиш орқали оқлайман.
Тадбир давомида ишга жойлашиш ниятидаги бир гуруҳ қизлар туман хотин-қизлар қўмитаси раиси бошчилигида тикувчиликка ихтисослаштирилган “Қўшкўпир текс” МЧЖ га бордилар ва у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ушбу жараённинг ўзида бир неча қизлар томонидан шу корхонага ишга кириш истаги пайдо бўлди. Шунингдек, тикувчиликка ихтисослаштирилган “Файз” хусусий корхонаси маҳсулотлари билан ҳам танишдилар. Ушбу корхона раҳбари томонидан шу ернинг ўзида 20 нафар қизни ишга жойлаштириш бўйича йўлланмалар берилди.