ОНА ТИЛИМ-ЖОНУ ДИЛИМ!

Ўзбек тили ўзининг қадимий ва бой тарихида ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг бугунгидек юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган.  Бу  эса «Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари» дадил қадам  қўяётган Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг юксак самарасидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида  ўзбек тилига давлат тили мақоми  берилиши,  1989 йил «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга  ўтган йиллар давомида таҳлилий ўзгартишлар киритилиши сабабли қонун янада  такомиллаштирилди.  Янги  таҳрирдаги  қонунда 21 октябрь санаси «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилинди. Инсон ҳуқуқларининг мустаҳкамланиши, она -Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлиб хизмат қилувчи ўзбек тилининг ривожланиши  барчамизга кенг имкониятлар эшигини  очди  десам,  ҳеч  муболаға бўлмайди. 
Айтиш жоизки, ўзбек тили-Ўзбекистонимиз байроғи, герби, мадҳияси қаторида  қонуний  мустаҳкам  ҳимояланган  тарихий  воқеага айланди. 
Аслида, тил - давлатимиз тимсоли, унинг мулкидир. 

Гоҳида  ўйланиб қоламан.  Она тилимизни қай даражада  асраб-авайлаб,  ҳимоя қилаяпмиз? Унинг қадрига етаяпмизми?! Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих саҳифаларидан жой олган бўлармиди? Бу каби саволлар ҳар биримизни ўйлантириши  табиий ҳол албатта. 

Бугун эса халқнинг ўз тилига  бўлган  муносабати, талаби  кескин  ўзгармоқда. Тўғрироғи, ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда кенг фойдаланилмоқда. Бироқ унинг қўлланиш кўламини янада кенгайтиришимиз, халқаро нуфузини тобора  оширишимиз зарур.  Миллати  ўзбек   бўла туриб, ўзбек - ўзбекга, фарзандига она тилида эмас, балки  рус тилида муомулада бўлиши, ё рус,  ё  ўзбек тилида тўлиқ  гапираолмайдиган  баъзи бир  элдошларимизни  кўриб, афсус  она тилимиз дегим келади. Айниқса чет эл фуқароларининг тилимизга эътибори ошган, эркин  сўзлашаётган  бир  пайтда, уларнинг ўз тилига бўлган беҳурматлигини қандай тушинишимиз мумкин? 

Дарҳақиқат, бугун биз таълим- тарбия олувчи болаларимизни ўз она тилларида ўқишини тўхтатар эканмиз,  ўша тил бир кун келиб  йўқолиб кетиши   табиий  ҳол.  Ахир   халқ  тақдири  тил  тақдири билан бевосита боғлиқ эмасми?  Тил нафақат муомула  воситаси - балки  ўзбек  халқининг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, асрий  тарихидир. Дархақиқат тилнинг   соф сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз  навбатида  ўзаро  тушунишни,  мулоқотларга имкон яратади. 

Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фаҳрланиб яшайди.  Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини  юксалтиришда,  уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндошишимиз керак.  Бу олижаноб  ҳаракатимизни  барчамиз ўзимиздан,  оиламиз,  жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат,  Ватанимизга бўлган  меҳр-муҳаббатимизни амалий  фаолиятимизда намоён этишимиз керак. Зеро Алишер Навоий   бобомиз  бежиз «Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз» дея  бежиз  айтмаган. 

Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек,  “Ҳар  биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”лигини ҳар  биримиз тўғри англамоқимиз ва  қатъий амал қилмоғимиз керак.

Эслайлик, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида   сўзлаган нутқи бутун ўзини  ўзбекман деган  ҳар бир инсонни тўлқинлантиргани, кексаю-ёш қалбини ғурур-ифтихорга тўлдиргани, қалбимизда чексиз меҳр  ила фаҳрланиш  туйғуси уйғотгани, шубҳасиз  жаҳоннинг  энг  катта минбаридан илк  бора  ўзбек  тилининг   янграши  улкан тарихий  воқеа   бўлди   десам,  асло   янглишмаган  бўламан.

Тилга эътиборсизлик каби муаммоларимиз  вақти келиб, албатта  бартараф бўлишига ишонаман. Акс ҳолда  ўз замонасида  ўз тилида қалам тебратган, ўз миллати  ғурури, юрт шаъни учун  жонини   фидо  қилган, келажак  авлод эртаси учун  курашиб,  мардларча вафот этган  маърифатпарвар  боболаримиз  бизни асло кечирмайди.Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб- авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди  эканлигимдан,  ўз она тилимда  эркин  сўзлашаётганимдан  жуда фаҳрланаман.

БАЙРАМИНГИЗ  МУБОРАК  БЎЛСИН  АЗИЗЛАР!

МУБОРАК  АҲМЕДОВА
Ўзбекистон  Републикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон  “Миллий Тикланиш” партияси фракцияси аъзоси,
Саноат, қурилиш ва  савдо масалалари  қўмитаси аъзоси.

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари