Бугун Қўшкўпир туманида 2021 йил ҳосили учун етиштирилган пахта йиғим-терим мавсумининг рамзий бошланиши ҳисобланган “Ҳосил карвони” тадбири ташкил этилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари ва туман ҳокими сўзга чиқиб, пахтакорларни меҳнатини улуғлаб, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариб, ҳосилни йиғиб олиш мавсумига етиб келганликлари билан табрикладилар.
Шунингдек, бундан кейинги пахта териш жараёнларида куч-қувват ва ғайрат-шижоат тилаб, оқ олтинни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олишни тиладилар.
Ҳосилнинг баракали бўлиши, шартнома режаларини биринчилардан бўлиб бажаришни ният қилган фермерларимиз йиғим-теримнинг дастлабги куниданоқ ишларни пухта ва самарали ташкил этишга эришдилар.
"WBM QO‘SHKO‘PIR KLASTER" МЧЖ тизимида фаолият олиб бораётган туман пахта тозалаш корхонасида бўлиб ўтган тадбирда вилоят драмма театри актёрлари, халқимиз суйган санъаткорлар ўзларининг чиқишлари билан барчага хушкайфият бағишладилар.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган фахрийлар ҳам бирин кетин сўз олиб, туманимиз далаларидаги пахта хирмони баракатли бўлиб, пахтакорларимиз биринчилардан, режани ошиғи билан бажаришларида омад тиладилар. Шундан сўнг, ҳосилнинг баракатли бўлишини тилаб, қуръон тиловот қилиниб, қурбонликка ҳўкиз ва қўчқор сўйилди.
Йиғилганларнинг барчаси пахта хирмони уйилган карвонлар пахта тозалаш корхонасининг ўлчов пункти томон йўл олдилар.