ПРЕЗИДЕНТ ИНҚИРОЗГА ҚАРШИ ЯНГИ ЧОРАЛАРНИ ТАСДИҚЛАДИ
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 май куни 5996-сон “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонини имзолаган эди.
Президент фармони билан коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар белгилаб берилди. Унга кўра кичик бизнес мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод қилинди, ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизга туширилди. Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 июндан
1 сентябргача кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо мажмуалари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш жойлари, жамоат транспортлари ташкилотлари, спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳамда йўловчиларни ташиш, маиший хизмат кўрсатиш, ёпиқ жойларни ижарага бериш, шу жумладан, банкетлар ташкил этиш билан шуғулланадиган юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод қилинади.
Кичик тадбиркорлик субъектларига апрель-май ойлари учун тақдим этилган, мол-мулк ва ер солиғининг фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаларидан,
1 январдан бошлаб 15 майгача бўлган муддатда ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган пеня ва жарималардан воз кечилади.
Тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматларни)ни олиб киришда (импорт) қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунгача кечиктириш ҳуқуқи берилади.
1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12%дан 1%га пасайтирилади. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахслар бундан мустасно.
Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ қарзлари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун пеня ва ҳисобланган жарималар бўйича қарздорликларини ундириш 1 сентябргача тўхтатилади.
Давлат солиқ хизмати органлари 15 май ҳолатига уларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ўтказиш ва ечиб олиш бўйича инкассо топшириқномаларини қайтариб олади.
Солиқ тўловчилар 15 май ҳолатига бажарилмаган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилади.
Фармонга мувофиқ, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган инвестициявий кредитлар бўйича, кредит шартномаси амал қилишининг биринчи йили давомида, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) томонидан тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган инвестициявий кредитлар бўйича, Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилишининг биринчи йили давомида фоиз харажатларини қоплашга,
1 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун миллий валютада 500 миллион сўмгача бериладиган кредитлар бўйича кредит шартномаси амал қилиш муддати давомида 10 фоизлик пункт миқдорида компенсация беришни бошлайди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармондан кўзланган мақсад битта – коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлашдир. Зеро, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш ва тадбиркорларни барқарор фаолият юритиб кетиши учун зарур шароитларни яратиш пандемия вазиятида муҳим аҳамият касб қилиши баробарида, аҳолининг ижтимоий аҳволини тиклашга пухта замин яратади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси.