Пенсия миқдори қандай аниқланади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарорига асосан давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унинг 96 ва 97-бандларида қуйидагилар келтирилган:
Пенсия миқдори иш стажи даврига боғлиқ бўлади ва:
пенсиянинг базавий миқдоридан;
иш стажи учун пенсия оширилишидан;
пенсияга устама ҳақлардан шаклланади.
Пенсияни ҳисоблаш учун пенсияларнинг қуйидаги базавий миқдорлари белгиланади:
а) ёшга доир пенсиялар учун — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам эмас;
б) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсияси учун — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам эмас;
в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида, бироқ қонунчилик ҳужжатларда белгиланган миқдорлардан кам эмас;
г) ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига ҳар бир бола учун — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам эмас.
ИХТИЁР АЛЛАБЕРГАНОВ
Пенсия жамғармаси туман
бўлими бош мутахассиси.