Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун Хоразм вилояти Урганч шаҳрида вилоят, туман ва шаҳарлар масъуллари ва фаоллари билан йиғилиш ўтказди. Унда ёшлар келажагига жиддий эътибор қаратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринлари билан банд этиш орқали жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, аҳолини иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, одамлар дард-у ташвишларига қулоқ тутиш, яшаш-шароитини тубдан ўрганиш ва яхшилаш чораларини ишлаб чиқиш, ҳудудларда, ҳар бир хонадонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш, иссиқхоналар барпо этиш билан кўпчиликни иш билан таъминлаш каби кўплаб устувор вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарам Президентимиз 12 март куни Янгиариқ туманидаги “Global Food Impeks” масъулияти чекланган жамият томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхонани кўздан кечириб, пиллачилик корхонаси фаолияти билан танишган эди. Ушбу фаолиятни бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, бунда эса манзилли дастур ишлаб чиқиш зарурлиги, бу эса аҳолига даромад манбаи яратиш, камбағалликни камайтиришда муҳим омил эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, халқ розилиги, истиқболи йўлида қилиниши лозим бўлган ишлар ва масалалар юзасидан сўз юритилди. Жойлардан фуқаролар ўз фикрларини, савол ва таклифларини билдирдилар.