Бутун дунёни хатарга солиб, инсонлар бошига ташвиш ёғдираётган қоронавирус пандемияси бизнинг мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолгани йўқ. Бироқ, куч-бирликда бўлгани каби биз ўзбек халқи, жумладан, Қўшкўпирликлар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, ушбу инфекцияни енгиб ўтишни мақсад қилган ҳолда ҳамжиҳат ва бирдамликда курашмоқдамиз. Ҳолат ижобий эканлигига қарамасдан, Қўшкўпир туманида ҳар куни профилактик ишлар мунтазам равишда давом эттирилмоқда. Ушбу инфекцияни кенг тарқалишини олдини олиш борасида албатта, муҳтарам Президентимизнинг қоронавирус пандемияси тўғрисидаги қарор ва фармонлари ҳамда кўрсатмалари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус-пандемияси даврида халқимизни турмуш даражасини ошириш, уларга етарлича шароитлар яратиб бериш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, аҳолимизнинг камбағал қатламини камбағалликдан чиқариш, иқтисодиётимизни барқарор бўлишини таъминлаш борасида қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинган. Ушбу Фармон ва қарорлар ижроси талабларини бажарилиши юзасидан туманда истиқболли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Пандемия даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига жами кичик бизнес субъектлари сони 1252 тани ташкил қилиб, шундан бугунги кунда 978 таси фаолият юритиб келмоқда.
Мавжуд 978 та тадбиркорлик субъектларидан 139 таси пандемия вақтида фаолиятини тўхтатган бўлса, шундан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда 112 таси ўз фаолиятини қайта тиклади. Ҳозирда 27 таси фаолият юритмаяпти.
2020 йилда янгидан ташкил қилинадиган кичик бизнес субъектлари сони юзасидан тасдиқланган йиллик режа 325 та қилиб белгиланган, шундан январь-май ойлари режаси 122 та бўлиб, ҳақиқатда 222 та кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил қилинди ва белгиланган режа 182 фоизга бажарилди.
Шунингдек, туманда фаолият юритмаётган ва “ноль” ҳажм ҳисобот топширган 232 та юридик шахсларнинг фаолиятини тиклаш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар, солиқ органлари ҳамда бошқа иқтисодий комплекс мутасаддилари кўмаги, тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 68 та микрофирма ҳамда кичик корхоналар фаолиятлари қайта тикланди.
7 та тадбиркорлик субъектларининг 28,9 млн.сўмлик бюджет тўловлари 1 октябргача узайтирилди.
Камбағалликни қисқартиш бўйича Қўшкўпир туманида жами 50 та маҳалла мавжуд бўлиб, камбағал оилалар сони 1670 тани, шу оилада ишга лаёқатли ишсиз фуқаролар эса 1056 нафарни ташкил қилади. Уларни пандемия шароитида янада қўллаб-қувватлаш, доимий иш билан таъминлаш орқали даромадларини ошириш мақсадида йўл хариталари ишлаб чиқилди. Пандемия даврида аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида туманда қатор ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда эса 1056 нафар фуқаролардан 1020 нафари, яъни, 96,6 фоизи ишга жойлаштирилди.
Туманда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 68039 нафар (39,5 %), иш билан банд аҳоли сони 61296 нафар (35,6%), иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар 40935 нафар, шундан республикамиздан ташқарида юрганлар 13345 нафар кишини ташкил қилади. Туманда ишсизлар сони 6743 нафарни (ишсизлик даражаси 9,9%), шундан аёллар 2380 нафарни ва ёшлар эса 1796 нафарни ташкил этмоқда.
2020 йилда бандлик дастурига асосан жами 1847 та янги иш ўринларини яратиш бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилнинг январь-апрел ойларида дастур бўйича 372 та янги иш ўринлари яратилди.
Шу билан бирга, 2767 нафар ишсиз фуқаролар жамоат ишларига жалб қилинди. Бундан ташқари (65,3 гектар ер майдонига) 4 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилиб, 412,6 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилди ва 185 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди. Карантин туфайли уйда қолаётган фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида туманда махсус штаблар ташкил этилиб, эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумотлар таҳлил қилиб борилмоқда. Шунингдек, пандемия даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида бу йил ҳар бир маҳаллада ўртача 100 тадан, жами 5000 та ихчам иссиқхоналар қурилиши режалаштирилиб, бугунги кунгача 1000 таси қурилди ва бу ишлар давом этмоқда.