Президент мурожаатномасига туман ҳокимининг муносабати

Президентимизнинг Олий Мажлисга  Мурожаатномаси халқимиз томонидан катта қизиқиш ва мамнуният билан кутиб олинди. Биз кейинги уч йил мобайнида ҳақиқатан ҳам оламшумул муваффақиятларга эришдик. Албатта, бунда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва дастурлар, ислоҳотлар катта аҳамият касб этади. Юртбошимиз Мурожаатномада эришган ютуқларимизни  эътироф этган ҳолда, “барча даражадаги раҳбарлар эришилган дастлабки  ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб хотиржамликка асло берилмаслиги керак” деган фикрларни  келтириб ўтди, ҳамда  бундан кейин бажаришимиз ғоятда зарур бўлган ишлар кўплигини таъкидлаб, ҳар биримизга тааллуқли бўлган вазифаларни  баён қилиб берди. Ушбу Мурожаатнома мазмун моҳияти билан нафақат Олий Мажлисга, балки  барча даражадаги раҳбарлар-у мамлакатимиз аҳлига масъулият юклайди. Чунки ҳар бир Ўзбекистон фуқароси у раҳбар бўладими, оддий хизматчими, барча ўзини ардоқлаб ўстирган она  Ватани келажаги учун масъулдир. Буни ҳар дақиқада эслаб туришимиз, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш ” сари шаҳдам қадам ташлаш, демократик ислоҳотлар сари юзланишимиз, тинмай изланишимиз, иш услубимизни янгилаб бориш, фаолиятимизга инновацион технологияларни жорий қилиш ҳар биримизнинг кундалик ишимизга айланиши керак.

           Президентимиз айтганидек, “халқимиз шуни яхши билиши керак, олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди, Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.”      

          Мурожаатномада илм - маърифатни ривожлантириш,  рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантириш, ёшлар камолоти учун зарур бўлган шароитлар яратиш, қизлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, эҳтиёжмандларни арзон уй жойлар билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга янгиликларни жорий қилиш  ва бошқа масалалар борасида кўпгина ташаббуслар илгари сурилди ва аниқ вазифалар белгилаб кўрсатилди.

          Айниқса, пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма- босқич ўтиш таклифи билдирилганда қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари  буни мамнуният билан қабул қилганлиги яққол сезилди. Бу давр талабидир. Ана шунда ҳақиқатан ҳам фермер эркин бўлади, маҳсулот етиштириш самарадорлиги ортади.

         Президентимиз Олий Мажлис депутатлари олдига яна бир муҳим бўлган вазифани қўйди. Яъни, Адлия вазирлигини жалб қилган ҳолда шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказиш ва таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилди.

          Илгари сурилган ушбу ташаббус албатта ишнинг сифатига самарали таъсир кўрсатиб, ижро интизомини мустаҳкамлайди.

            Мурожаатнома мазмун моҳияти ила мамлакатимиз ҳаётида улкан воқелик бўлди. Хорижий мамлакатлардаги нуфузли ташкилотлар ҳам унга юксак баҳо бермоқдалар. Бизнинг бурчимиз эса Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда ўзимиз учун йўл харитаси белгилаб олиш ва уни оғишмай амалга оширишдир. Бу борада туман ҳокимлиги вакиллари, фаоллари ибрат кўрсатиб ишлашлари, ўз ишларини замон талаблари асосида ташкил қилишлари шарт ва зарурдир. Ҳар бир ҳаракатимиз, фаолиятимиз йўналиши халқни рози қилиш тамойилига асосланса, она юртимиз юксалишига ҳисса қўшган бўлардик.  

                                     Жўрабек Раҳимов,

                                     Қўшкўпир тумани ҳокими


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари