Кеча ижтимоий тармоқлар (телеграмм каналлари)да Қўшкўпир тумани деҳқон бозорида картошка нархининг 6000-7000 сўмдан сотилаётгани юзасидан видео тарқалди. Бу ҳолат тегишли тартибда ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди. Унга кўра, Қўшкўпир тумани марказий деҳқон бозорида фаолият юритаётган тадбиркор (Н.Н.) картошка қимматлаб кетганлиги ҳақида бақир-чақир қилади. Бироқ, кўп ўтмай мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилганда асоссиз ваҳима қилгани маълум бўлди ва ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, халқдан кечирим сўради. Бу каби асоссиз ва фейк хабарлар орқали аҳолимиз ваҳимага тушмаслиги, озиқ-овқат узлуксизлиги борасида муаммо бўлмаслиги юзасидан тарғибот ишлари мунтазам олиб борилаётганлигини маълум қиламиз. Шунингдек, айни кунда Хоразм вилоятининг барча туман ва шаҳарларида мавжуд деҳқон бозорлари-ю, кичик озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мўтадил нархда сотилиши таъминланмоқда. Аниқ мисол, Қўшкўпир туман деҳқон бозорига бугунги кунда “Хадра Хасан” МЧЖ томонидан 14 тонна картошка олиб келиниб, 3500-4000 сўмдан сотилиши таъминланмоқда. Ҳурматли фуқаролар, шуни унутмангки, коронавирус пандемияси туфайли карантин даврида асоссиз ва аҳолини ваҳимага чорловчи ахборотлар тарқатиш ҳолати юзасида жиноий жавобгарлик белгиланган. Шундай экан, уйдан чиқмасдан, эҳтиёжингиз асосида картошка, пиёз харид қилишга ва карантин даврини ваҳимасиз ўтказишингизни сўраймиз. Деҳқон бозорларида озиқ-овқат ва зарур тиббий воситаларнинг нархини сунъий равишда ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармаси ва департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, вилоятимизнинг барча ҳудудларида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ўтказиб борилмоқда. Агарда ноқонуний хатти-ҳаракатларлар кузатилганда Ишчи гуруҳнинг 223-10-10 (вилоят давлат солиқ бошқармаси) ва 228-50-20 (Департаментнинг вилоят бошқармаси) телефон рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Қўшкўпир туман ҳокимлиги матбуот хизмати