“Сиздан телеграм” ижтимоий тармоғи орқали Қўшкўпир тумани Хосиён қишлоғига сув етиб бормаганлиги сабабли ғўза майдонлари қуриб бораётганлиги тўғрисида танқидий хабар тарқалди. Ушбу ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди. Унга асосан қуйидагилар аниқланди. Қўшкўпир туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ҳамро Валиевнинг берган маълумотларига кўра, мурожаатгўй Қўшкўпир тумани Хосиён қишлоғи ҳудудидаги “Абдулазиз Мансур” фермер хўжалиги (Раҳбари Қ.Сабиров) 2015 йилда ташкил топган бўлиб, жами 235,9 гектар, шундан суғориладиган экин ери 145,8 гектарни ташкил қилади. 2020 йил ҳосили учун 73 гектар майдонга чигит экиб, 185 тонна пахта хомашёси етказиб бериш бўйича “WBM QO’SHKO’PIR KLASTER” МЧЖ корхонаси билан шартнома тузган. “Абдулазиз Мансур” фермер хўжалиги ер майдонларига Хосиён қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Тагалак-ёп канали орқали сув етиб боради. Ушбу каналга белгиланган графикка асосан жорий йилнинг 22 июнь, 5 июль ва 17-22 июль кунлари сув етказиб берилган. Туманга 16-17 август куни 35,0 м3/сек сув олинган бўлиб, ҳозирда туманга ажратилаётган сувнинг миқдори кам бўлганлиги сабабли Хосиён ҳудудидаги Тагалак-ёп каналига 17 август куни 0,7 м3/сек сув ажратилиб, фермер хўжалиги далаларини суғориш бўйича график ишлаб чиқилиб, ушбу графикка асосан суғориш ишлари 24 август кунига якунлаш чоралари кўрилади.