РАСМИЙ МУНОСАБАТ:“Кўчада сарсон бўлиб юрган қиз”

You tube ижтимоий тармоғи орқали “Кўчада сарсон бўлиб юрган қиз” мавзусида видеолавҳа тарқалди. Ушбу видеолавҳада Қўшкўпир тумани “Баҳористон” маҳалласида рўйхатда туриб, “Ёвғир” маҳалласида ижарада яшаб келаётган фуқаро Нилуфар Рахимованинг бугунги кунда уйсиз, кўчада қолганлиги, туман ҳокимлигига мурожаат қилганлиги, унинг мурожаати эътиборсиз қолганлиги айтилган.
Ушбу фуқаронинг мурожаати тегишли мутасадди раҳбарлар билан ўрганиб чиқилди ва шулар маълум бўлди.
Фуқаро Н.Раҳимова уй-жойга муҳтожлигини билдирганлиги боис 2019 йил 15 ноябрда туман ҳокимлигига уй-жой олиш бўйича ариза топширган. Унинг ҳужжатлари, берган аризаси туман ҳокимлиги ҳузуридаги талабгорларни танлаш комиссияси томонидан кўриб чиқилган ва 40 балл билан баҳоланган. Бироқ фуқаро томонидан ушбу уй-жойни олиш учун тўлаш имконияти йўқлиги билдирилиб, рад этилган.
2021 йил 30 июндаги Қўшкўпир тумани ҳокимининг қабулига келиб уй-жойга муҳтожлиги, “Ёвғир” маҳалласида ўта оғир ижтимоий шароитда яшаб келаётган, оилали, ота-она ва фарзандларида ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қурилаётган бепул уйлардан олиш истагини билдирган. Бироқ унинг истаги белгиланган низом талабларига жавоб бера олмаган. Шундан сўнг фуқаро Н.Раҳимова Гурлан туманида жойлашган ижтимоий уйга жойлаштириш бўйича туман ҳокимига мурожаат қилган. Унинг мурожаати инобатга олиниб, бугунги кунда фуқарони Гурлан туманидаги ижтимоий уйларнинг бирига жойлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳурматли блогер томонидан вазият бир томонлама ўрганилган, пухта, мукаммал тарзда ўрганиб чиқиб, тегишли мутасадди раҳбарларнинг фикри, фуқаронинг муаммосини ҳал қилиш борасида олиб борилаётган амалий ҳаракатлар инобатга олинмаган ва ўрганилмаган, фуқаронинг нима учун кўчада қолаётганлиги бўйича ота-онасининг фикри, муносабати ўрганилмаган. Қолаверса, видеолавҳа орқали ёлғон аралаш маълумотлар ҳам бериб ўтилган.

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари