РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Ших қишлоғидаги кўприк ҳақида
Ижтимоий тармоқларда Қўшкўпир тумани “Ших” қишлоғининг Боғзор ва Ёшлик маҳаллаларини боғлаб турувчи кўприкнинг таъмирталаб ва аянчли аҳволда эканлиги юзасидан танқидий фикрлар билдириб ўтилган.
Мурожаатда билдирилган ушбу кўприк 1978 йилда Довудкўл захкаши устига қурилган бўлиб, кўприкнинг ҳолати соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилган.
Мазкур кўприк 2020 йилга қадар ҳеч қандай ташкилотга тегишли бўлмаган ва Қўшкўпир тумани ҳокимининг 2020 йил 2 апрелдаги 971-сон қарорига асосан кўприк ҳокимият балансига қабул қилиб олинган.
Қўшкўпир тумани ҳокимлиги томонидан ушбу кўприкни реконструкция қилиш бўйича 2024 йилги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида назарда тутиш учун тегишли вазирлик ва идораларга таклиф киритилган.
Кўприкни реконструкция қилиш ишлари амалга оширилгунга қадар, ушбу ҳудуд аҳолисига ҳокимлик ҳамда соҳа мутахассислари томонидан кўприкнинг таъмирталаб бўлиб қолганлигини инобатга олиб, ундан фойдаланмасликни ҳамда мазкур кўприкка яқин (800 метр оралиқда) бўлган янги таъмирланган кўприкдан фойдаланиб туришлари хусусида тушунтиришлар бериб борилмоқда.
ҚЎШКЎПИР ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ