“You Tube” ижтимоий тармоғи орқали Қўшкўпир тумани “Хонобод” маҳалласида яшовчи 1969 йилда туғилган Бакиева Гулбаҳор Аминовна 1996 йилдан 2017 йилгача муқим ишда, шундан сўнг 2020 йил сентябрь ойига қадар асосий иш жойи қисқарганлиги сабабли шифохонанинг турли бўлимларида ишлаб келганлигини, ҳозирги кунда эса ишсиз қолганлиги, оиласи эҳтиёжманд эканлигини билдириб, доимий ишга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилган.
Ушбу фуқаронинг бу мурожаати Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раисининг Хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари, “Хонобод” МФЙ ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ва туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари иштирокида ўрганилди.
Фуқаро Гулбаҳор Бакиева тез тиббий ёрдам бўлимида тиббиёт бирлашмасининг асосий ишчи ходимлари Меҳрибон Собирова, Орзигул Абдурахманова, Гулноза Худайбергановаларнинг туғруқ таътиллари даврида уларнинг ўрнида санитарка вазифасида ишлаб келган. 2020 йил 5 сентябрдан асосий иш жойига эга ходимлар туғруқ таътилдан қайтиб келиб ишга тушганлиги сабабли Г.А.Бакиева Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан Тиббиёт бирлашмасидан ишдан бўшатилганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг, ушбу фуқаро туман тиббиёт бирлашмасига ҳамда туман ҳокимлигига доимий иш билан таъминлашларини сўраб ариза ёзган. Унинг аризаси кўриб чиқилган.
Унга асосан тиббиёт бирлашмасида санитарка бўйича ва бошқа корхона ташкилотларида бўш ишчи ўринлари йўқлиги маълум қилиниб, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан “Хақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил қилиш тартиби” бўйича Ободонлаштириш бошқармаси ва маҳалла фукаролар йиғинларида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ишга таклиф қилинган.
Ҳозирги кунда Г.А.Бакиеванинг ва унинг оила аъзоларинини бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилалар рўйхатига киритиш, маҳалла фукаролар йиғини томонидан 2 ёшгача бўлган неварасига нафақа пули бериш ва иқтисодий қўллаб қуватлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.