YouTube ижтимоий тармоғи орқали Қўшкўпир тумани “Иттифоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳасанов Улуғбек Болтаевичнинг туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлимига шафёрликка ишга жойлашолмаётганлиги, бу борада қийинчиликларга дуч келаётганлиги бўйича мурожаати билдирилган. Фуқаро мурожаатига кўра 1989 йилда ТТБ тез ёрдам бўлимида шафёр бўлиб ишлаб келган. Бироқ, 1995 йилда штатлар бирлиги қисқартирилганлиги сабабли ишдан озод қилинган. У 2019 йилда яна олдинги тез ёрдам бўлимига шафёр бўлиб ишлаш мақсадида мурожаат қилган.
Фуқаронинг мурожаати Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан эътиборга олиниб, қайта кўриб чиқилган ва тез ёрдам бўлимининг шафёрлик ишига олиш ва ишдан бўшатиш туман тиббиёт бирлашмасининг ваколатига кирмаслиги, ишга олиш ҳамда ишдан озод этиш Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли “Ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат унитар корхонаси томонидан навбат асосида белгиланган тартиб, қоидалар бўйича ваколатли амалга оширилиши айтиб ўтилган.
Суриштирувларимиз давомида фуқаронинг вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли “Ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат унитар корхонасига ишга жойлашиш учун мурожаат қилгани ҳам маълум бўлди. Шу боисдан ушбу корхона мутасаддилари томонидан агар тез ёрдам бўлимида шафёрлик бўйича бўш иш ўринлари мавжуд бўлган тақдирда ишга жойлаштириш, бу бўйича хабар бериш мумкинлиги айтиб ўтилган.