РАСМИЙ МУНОСАБАТ:“Янгилик” маҳалласида йўл очиб бериш..
Youtube ижтимоий тармоғидаги “Yangicha TV” канали орқали Қўшкўпир тумани “Янгилик” маҳалласи Феруз кўчасидаги айрим фуқаролар томонидан турар жойининг олд томонидан йўл очиб бериш бўйича мурожаатлар билдирилган.
Фуқароларнинг ушбу мурожаати туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилди ва қуйидагилар маълум бўлди:
Бугунги кунда ушбу фуқароларнинг турар жойлари олдида кириш ва чиқиш йўллари мавжудлиги аниқланди. Бироқ, ушбу йўлнинг ҳимоя ҳудудида шу кўчада яшовчи айрим фуқароларнинг ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда қурган қурилмалари сабабли йўл торайиб қолганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Қўшкўпир тумани қурилиш бўлими томонидан ноқунуний қурилмаларни қуриб, кўчани торайишига сабаб бўлган, турар жойнинг чегара ҳудудидан чиқиб, йўлнинг ҳимоя ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини олиб борган фуқароларга қурилмаларни йиқиб, ерни ўз ҳолига келтириш юзасидан огоҳлантириш берилди. Ушбу фуқароларга шу ҳудуднинг бош режаси ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотлар билан келишилгандан кейин белгиланган тартибда йўлнинг чегара ҳудудлари кўрсатиб берилиши тушунтирилди.
Шунингдек, туман ҳокими томонидан фуқаролар турар жойларига туташ бўлган, бироқ таъмирталаб ҳолга келиб қолган йўлни таъмирлаш, тош ётқизиш, таянч устунлари ўрнатиш, электр таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳам тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. бугунги кунда ушбу кўчада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ