Ижтимоий тармоқларда Оқдарёлик шифокорнинг “Даволаниб чиққанимдан сўнг ишга келгач, одамлар атрофимни айланиб ўтадиган бўлишди. Кўчада кўриб қолса, худди арвоҳни кўргандай йўлини буриб кетишди. Қариндошларим, карантинга олинган яқинларимдан турли-туман гаплар эшитдим. Буларнинг барчаси инсонга таъсир ўтказмай қолармиди?! Уларни айтиб ўтирмоқчи эмасман. Аммо у ёки бу маълумотни тарқатишда инсон шаъни, қадри ҳақида ўйлаб кўриш керак эди, деб ўйлайман” дея ёзганини ўқиб, назаримда бу омонат дунёда барчамиз меҳмон бўлсакда, муқаддас китобимиз ҳамда хадисларда келтирилганидек, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимиз, қадр-қимматимиз, сабру-шукроналигимиз балки, бизни осонгина тарк қилдимикан, ёки коранавирус олдида ўз ҳаловатимизни йўқотдикмикан деган ҳаёлга бордим. Наҳотки, унинг атрофидагилар, шу шифокор ҳолига тушиб қолсам нима қилардим дея ҳеч ўйлаб кўришмаган бўлса? Ёки шифокорнинг айби “Гиппократ қасамёд”ига содиқлиги-ю, эл соғлигини ўз соғлигидан устун қўйиши-ю, дард билан курашаётган беморлар ҳолати билан яшаб, вирус юқишидан қўрқишсада, асаб системасининг чарчаши оқибатида касал бўлганидами? Ахир шифокорлар ҳам сизу-бизни соғлигимизни асраш ва мустаҳкамлаш учун ўз жонини ҳавф-хатарга қўйиб, халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни-тунга улаб, ўз оиласидан йироқда, ёзнинг иссиқ кунларида айримларимиз ҳатто оддий ниқобни ҳам тўғри ишлатаолмаётган бир пайтимизда ҳавосиз махсус кийимларга чидаётган, таҳликали замонда беғараз-беминнат соғлигимиз учун қайғураётган тиббиёт ходимларига муносабатимиз шу бўлдими? Умримиз давомида бугун калтакланаётган, бехурмат қилинаётган нажот фаришталари бўлмиш шифокорларимизга кунимиз қолмайди деб айтаоламиз. Чунки иссиқ жон бор жойда албатта касал бўлишимиз табиий ҳол. Шундай экан хулоса эса албатта ўзингиздан. Барчамиз бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари - саломатлигимиз посбонларидир! Ҳеч шубҳасиз, сидқидилдан ва жонбозлик билан меҳнат қилиб келаётган барча жонкуяр, матонатли шифокору- ҳамшираларимизга машаққатли касбида куч-ғайрат, эзгу ниятлар тилайман. Ҳурматли ватандошларим! Бугун бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган тождор душманга қарши барча бир куч бўлиб курашиши зарур. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз. Кўзга кўринмас, ирқ, миллат, ёш, худуд танламас коронавирус балосини - метин иродамиз, қатъий тартиб-интизомимиз, келажакка бўлган эзгу умидимиз, ўзаро меҳримиз, хамжиҳатлигимиз билан албатта бу синовдан ҳам ўтамиз, жамиятимиз юксалишида муносиб ҳиссамизни қўшиб, бу кунларни кўрмагандек бўлиб яшашимизга ишонаман! Ахир биз ҳеч бир жангу-жадалларда қўрқмаган, офат келса ҳам, ўз халқининг шаъни- қадрини эъзозлаган, Ватанимиз шаъни учун курашган буюк Амир Темур, Жалолладин Мангуберди, Пахлавон Махмуд, Абу Али Ибн Сино авлодларимиз. Барчангизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин! Муборак АҲМЕДОВА Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.