Сирдарё вилоятидаги юз берган табиий ҳодиса оқибатида зарар кўрган аҳолига бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган автомашиналар карвони Қўшкўпир туман ҳокимлиги томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилди. “Сирдарёга ёрдам” хайрия акцияси доирасида амалга оширилаётган ушбу эзгу ҳаракатга секторлар раҳбарлари, туманнинг ташаббускор тадбиркор-у фермерлари, корхона ва ташкилот раҳбар, ходимлари, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши етакчи ёшлари, кўнгилли инсонлар, бир сўз билан айтганда, саҳоватли, меҳр-муҳаббатли, ҳиммати баланд, қалби дарё инсонларимиз ўз ҳиссасини қўшмоқдалар.
Қўшкўпирликлар томонидан кўрсатилаётган мазкур инсонпарварлик ёрдами, албатта, бир мақсад йўлида сирдарёлик юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш, оғирини оз бўлсада енгил қилиш, шу билан биргаликда, кечаётган синовли кунларда бир ёқадан бош чиқариб, ярасига малҳам бўлишни кўзда тутади. Бугунги карантин шароитида, фавқулодда ҳодиса юз бериб Сардоба сув омборидан сув чиқиши оқибатида қийинчиликка дуч келган юртдошларимиз албатта, бундай оғир кунларни ҳамжиҳатликда, бирдамлик ва оғизбирчиликда биз билан бирга енгиб ўтади.
Ҳа, йўллар узун, масофа узоқ, манзил олис! Кимнидир таниймиз-у, кимлардир нотанишдек туюлар гўё. Яхши кунда қалбимиз қувончга тўлиб, дилимиз яйраб уларнинг ёнида туриб хурсандчиликларига ҳамроҳ бўламиз. Гарчи бир-биримизни яхши танимасакда, бошга тушган оғир дамларда негадир ёрдам бериш илинжида шошиб қоламиз, бехосдан кўнглимиз бўшаб кўзимизга ёш оламиз. Ҳар биримизни эса қон-қонимизга, жонимизга сингиб кетган манашундай раҳмдиллигимиз, меҳрибон ва саховатли эканлигимиз ҳар қандай вазиятдан қутқара олади. Сирдарёликлар, қадри баланд ватандошлар! Қўшкўпирликлар Сиз билан!