СУД ОРГАНЛАРИ

Оила – жамиятнинг бир бўлаги. Жамият катта-кичик бўлакчалар, оиладан иборат. Бу бўлакчалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам, кучли, шарафли булади.

Оила жамиятнинг ўзига хос ижтимоий муассасасидир. Оиланинг бу хусусияти биринчи галда унинг жамият манфаатлари билан боғлиқлигида ҳамда ижтимоий вазифаларда ифодаланади.

Оиланинг умумий (социологик) ва махсус (юридик) тушунчаси мавжуддир.

Социологик маънодаги оила никоҳга, қариндошликка (ёки факат қариндошликка), болаларни тарбияга қабул қилишга, умумий ҳаёт, мақсад, ўзаро ғамхўрликка асосланган шахслар иттифоқидан иборатдир.

Оилавий иттифоқда шахслар ўртасида аҳлокий, психологик, жисмоний ва хўжалик маиший алоқалар содир бўлиб, улар ҳаётда мақсадларда умумийликни вужудга келтиради.

Оилавий иттифоқ махсус ва шу билан бирга мураккаб ижтимоий муносабатлардан иборатдир.

Одатда оиланинг вужудга келишига никоҳ асос бўлади, шунинг учун оилада бола туғилмаган бўлса ҳам, никоҳ муносабатининг ўзи оилани ташкил этади. Оилада эр-хотин билан бир қаторда болаларни ҳам бўлиши типик оилани вужудга келтиради.

Ўзининг ижтимоий мазмунига караб оила, одатда, уч ўзаро алоқадаги социал гуруҳ, унинг асоси сифатида никох, никоҳнинг натижаси сифатида эр-хотин муносабатлари, эр-хотин муносабатларининг оқибати сифатида фарзандлардан ташкил топади.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси муқаддимасида оила жамиятнинг табиий асосий бўғини эканлиги, никоҳ ва кариндошликка асосланиши хамда жамият  ва давлат мухофазасида булиш ҳуқуқига эга эканлиги курсатилди.

Бугунги кунда биз оилани қанчалик даражада муқаддас деб билмайлик, давлатимиз томонидан оилани мустаҳкамлаш йўлида, ажримларни олдини олиш мақсадида бир қатор чора тадбирлар амалга оширилган ва оширилаётганлигига қарамасдан афсуски ажралишлар сони юқорилигича қолмоқда.

Оила кодексига асосан эр-хотиндан бирининг вафот этиши ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши блан никоҳ муносабатлари тугайди.

Никоҳниинг тугатилиши дейилганда, аниқ шароитдаги  ҳодиса ва бошқа юридик фактлар: вафот этиши, суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши, никоҳдан ажратиш туфайли эр-хотин ўртасидаги муносабатларнинг тугатилиши тушунилади.

 Оила кодексида никоҳдан ажратишнинг икки хил тартиби белгиланган:

1.Суд тартиби бўйича никоҳдан ажратиш;

2.ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Фуқаролик-процессуал  кодексларида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 34-моддаси 10-қисмига кўра агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин. Бошқа ҳолатларда аризалар шу кодекснинг 33-моддасига асосан  жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.

Мазкур кодекснинг 201-моддаси 1-қисмида судья аризани қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарганидан сўнг ишни ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилиш мақсадида уни суд муҳокамасига тайёрлайди, шу кодекснинг  201-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби тўғрисидаги масалани ҳал қилади. Айнан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларнии кўришда ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахсларнинг доирасини аниқлаш жудаям муҳим аҳамият касб этади, чунки никоҳ гарчи икки тараф ўртасида тузилган бўлсада, никоҳнинг мустаҳкам бўлишида тарафларнинг бошқа оила аъзолари, жумладан ота-онаси, қайинсингил, ака-укаларнинг ҳам таъсири бўлади. Шу сабабли никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда, никоҳдан ажралиш даражасигача олиб келган ҳақиқий сабабларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини муваффақиятли равишда кўриш учун ишга тарафларнинг ота –оналари ва маҳалла фаолларидан албатта жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида, судья, эр-хотин ўртасида суд томонидан ҳал этиладиган бошқа низоли масалалар бор-йўқлигини аниқлаши, қандай талаблар никоҳдан ажралиш хақидаги даъво билан биргаликда кўрилиши мумкинлигини тушунтириши, тарафлар ўртасида муқаддам никоҳдан ажралиш ҳақидаги иш бўлган-бўлмаганлигини аниқлаши, агар бундай иш бўлса, уни тарафларнииг хақиқий муносабатларини аниқлаш мақсадида, суд мажлисида кўздан кечириш учун чақириши ҳам мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг         2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги 6-сонли Қарорининг 36-бандида никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда, судлар оиланинг бузилиши сабабларини аниқлашлари ва оила бузилишида айбдор бўлган эр-хотин ва бошқа шахсларнинг номуносиб хулқ-атворларидан далолат берувчи фактларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари лозимлиги қайд қилинган. Бундан келиб чиқадики оиланинг бузилишига сабаб бўлган ҳолатлар (тарафларнинг номуносиб хулқ-атворлари, уларнинг оила аъзоларининг номуносиб хулқ-атворлари, ота-оналарнинг оилага ўринсиз аралашувлари) нинг ҳеч бири судлар эътиборидан четда қолмаслиги лозим ва албатта судлар томонидан бу ҳолатларга муносабат билдирилиши шарт. Чунки судлар оиланинг бузилиш сабабларини аниқлаб, эр ва хотиннинг номуносиб ҳатти ҳаракатлари ҳамда бу низоли ишга дахлдор бошқа шахслар устидан хусусий ажримлар чиқариши, тарбиявий аҳамиятга эга таъсир чоралар кўриши, оилавий келишмовчиликларни ечишга ёрдам бериш учун хусусий ажрим нусхаларини унинг иш, ўқиш ёки яшаш жойидаги Оила ва хотин-қизлар бўлимига юбориши муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 1-моддаси иккинчи қисми талабига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу кодекснинг 40-моддасига кўра суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Айнан мана шу босқичда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш институтининг роли янада яққол намоён бўлади. Жумладан, ҳудудлардаги нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлайди, уларнинг манзилли рўйхатларини тузади, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштиради, низоли ҳолатларниинг олдини олади, оилавий муносабатларни  мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган ёт хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри ишлашни ташкил қилади. Бундан ташқари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлайди, уларга оиладаги низоли ҳолатлани ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатади, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли чора тадбирларни амалга оширади.

Судлар томонидан тарафларга ярашиш учун муҳлат берилгандан сўнг ишни кўриш кейинга қолдирилади (бошқа кунга тайинланади). Тарафлар томонидан иш тайинланган куни уларниинг ярашган ёки ярашмаганликлари, оилани сақлаб қолиш имкони бор ёки йўқлиги тўғрисида жойлардаги Оила ва хотин-қизлар бўлимининг хулосаси тақдим қилинади. Агар ушбу хулосалар бутун ярашиш учун берилган муҳлат ўтиб бўлгандан кейин эмас, балки ҳар ойда Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан низоли оилани яраштириш ва сақлаб қолиш учун қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот шаклида судга тақдим қилиб борилса ва энг охирида хулоса тақдим қилинса, ушбу яраштириш жараёни янада самаралироқ бўлган бўларди. 

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 44- моддасига кўра никоҳдан ажратиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқараётганда суд:

никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;

вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;

эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;

эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 6-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга  оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги Қарорининг 12-бандида ҳам  никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда эр-хотин Оила Кодексининг 44-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича келишув тақдим этишлари мумкинлиги, бундай келишув мавжуд бўлмаган ёки мазкур масалалар юзасидан эр-хотин ўртасида низо бўлган ҳолларда, улар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб билан бир вақтда мазмунан кўриб чиқилиши қайд қилинган.

Ишнинг кўрилиши кейинга қолдирилиб, эр-хотинга ярашиш учун муддат берилганда, суд ОК 112-моддаси ва ФПКнинг 198-моддасига мувофиқ, болалар таъминоти учун алимент ундириш масаласини муҳокама қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 6-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга  оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги Қарорининг 17-бандида никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво рад этилган тақдирда, мазкур даъво билан бирга берилган бошқа талаблар суд томонидан алоҳида иш юритишга ажратилиши лозимлиги (ФПК 198-моддаси), агар даъвогар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъводан воз кечса, ишнинг шу қисми иш юритишдан тугатилиши, эр ёки хотиннинг мазкур даъво билан бирга берган бошқа талаблари эса, мазмунан кўрилиши лозимлиги қайд этилган бўлсада, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво рад қилинган ҳолларда айнан эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши ҳақидаги талабни ҳам рад қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талабини рад қилинишига сабаб оилани сақлаб қолиш имконияти борлиги, ажрашиш учун етарли асослар мавжуд эмаслиги ҳисобланади. Суд томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб рад қилингандан сўнг мол-мулкни бўлиш ҳақидаги талаб алоҳида иш юритувга ажратилиб, қаноатлантирилса, бизнинг назаримизда бу ҳолат ушбу оилани сақланиб қолишига эмас, аксинча тезроқ парчаланишига олиб келади. Чунки амалиётдан биламизки, мол-мулкни бўлиш ҳақидаги ишлар, айниқса эр-хотин ўртасидаги мол-мулкларни бўлиш ишлари тарафларда бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббат эмас, балки ғазаб ва нафрат уйғонишига сабабчи бўлади. Шу сабабли никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъволар билан бирга тақдим қилинган мол-мулкни бўлиш ҳақидаги талаблар никоҳдан ажратиш ҳақидаги   даъво рад қилинганда, биргаликда рад қилинса, бизнинг назаримизда бу ҳам оилани сақланиб қолишидаги сабаблардан бири бўлиши мумкин.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Шовот туманлараро суди судьяси М.Ж.Холлиев


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари