Синов тариқасида рўйхатга олишнинг муҳимлиги нимада ?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарорига мувофиқ 2021 йилнинг 1-25 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг 4 та ҳудудида: Андижон вилоятининг Хўжаобод, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.
Мамлакатимизда синов тариқасида жорий йилдан бошланадиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2023 йилда ўтказиладиган рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Бу жараёнда аҳолини рўйхатга олишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий қўлланмалар, рўйхатга олиш дастури, саволнома, бирламчи маълумотларни киритиш ва қайта ишлаш бўйича ахборот тизими амалий синовдан ўтказилади. Унда қанча кўп респондентлар (аҳоли) иштирок этса, кўпроқ камчиликларни аниқлаш ва тузатиш имкони туғилади, пировардида мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири сифатли ва самарали ўтказилиши таъминланади.
Жорий йилнинг ноябрь ойида синов тариқасида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- 1-5 ноябрь кунлари интернет тармоғи орқали аҳоли рўйхатга олинади (бунда яратилган махсус дастур орқали синов ҳудудида рўйхатда турувчи исталган фуқаро ўзи мустақил равишда рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади);
- 6-10 ноябрь кунлари интернет тармоғи орқали қайддан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхати шакллантирилади;
- 11-22 ноябрь кунлари рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юрган ҳолда аҳолини рўйхатга олади;
- 23-25 ноябрь кунлари ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жойлар манзилларининг 10 фоизи танланма равишда назорат кузатуви асосида қайта ўрганилади. Мазкур жараёнда агар респондент (аҳоли) яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаса, стационар участкага ташриф буюрган ҳолда, рўйхатдан ўтиши учун имконият яратилади. Улар томонидан тақдим этилган маълумотлар ўзларининг рухсатисиз ошкор этилмайди ва махфийлиги кафолатланади.
Бугунги кунда вилоят статистика бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари мутахассислари томонидан 2021 йил Хива шаҳрида синов тариқасида ҳамда 2023 йилда бутун мамлакатимизда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олишга пухта тайёргарлик кўришга қаратилган тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Хоразм вилояти статистика бошқармаси ахборот хизмати