Субсидия нима?

Мамлакатимизда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ҳам  кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Анашундий имкониятлардан бири фуқароларга  субсидияларнинг берилишидир. Бироқ кўпчиликда субсидия ўзи нима, субсидияларнинг афзаллик жиҳатлари нимада, қандай ҳужжатлар тақдим этилади, кредит қандай фоизда тўланади? каби кўплаб саволлар туғилмоқда.   

Субсидиялар — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш, уй-жой қуриш ва реконструкция қилишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағлардир.

Бошланғич бадал — бу бирламчи бозордаги (яъни, янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш, уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган пуллар.  Бошланғич бадал учун субсидия талабгорга шаҳарларда ва қишлоқ жойларда қурилган квартирани ипотека кредити асосида сотиб олишда бошланғич бадалнинг  бир қисмини қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида Давлат бюджетидан талабгорлар номига банкдан очилган тегишли ҳисоб варағига ўтказилган маблағ;

Фоиз учун субсидия талабгорга шаҳар ва қишлоқ жойларда  қурилган квартирани  сотиб олишда ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилишди  ипотека кредити фоизининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан талабгорнинг банкдан очилган тегишли ҳисоб варағига биринчи 5 йил давомида ўтказиладиган маблағдир.

Субсидия, шунингдек ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.

Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади.

Субсидия олиш учун аризани Давлат хизматлари орқали электрон тарзда берилади.  

Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоизки, мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.

Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлганда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.

Субсидиялар уйларни БОЗОР НАРХИДА харид қилишга берилади. Яъни, субсидия билан арзон уй-жойлар икки бир бирига умуман алоқаси йўқ бўлган тоифадаги тушунчалар.

Шунингдек, субсидияларга тегишли Фармон чиқиши билан арзон уй-жойлар дастури ёпилгани йўқ!  

Субсидия — бу бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилади дегани эмас. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим.

Субсидия берилиши учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради. 

Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади. Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади,  турар жой мақоми, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар, шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган.

 Субсидия тартиб бўйича балл тўплаганларга берилади.

Субсидия олиш учун қуйидаги маълумотларни тақдим этиш керак:

– паспорт;

– оила аъзоларининг паспорти ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;

– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);

– доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;

– доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхаси;

– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Ариза якунлари бўйича талабгорга ижобий жавоб олинган тақдирда фуқаро ўзининг танловига кўра субсидияни уй-жой сотиб олиш, уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш  учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга қаратилган маблағ шаклида олиши мумкин бўлади.


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари