ТАДБИР
Бугун бутун борлиққа бор тароватини кўз кўзлаб яна баҳор ташриф буюрди. Баҳорнинг илк куни мамлакатимизда адабиёт, шеърият, назм ва наво байрами, садоқат, дўстлик, меҳнатсеварлик сингари инсоний туйғуларнинг тантанасига ҳамоҳанг тарзда нишонланиши бежиз эмас.
Ўзбек шеъриятининг оташнафас шоираларидан бири, инсон руҳияти дунёсининг бетакрор куйчиси шоира Зулфия Исроилова таваллудининг 108 йиллиги муносабати билан бугун 2-сон умумтаълим мактабида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни Қўшкўпир туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Сайёра Худайберганова кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, тадбирда сўз олганлар шоиранинг беназир шеърияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Тадбир давомида ўқувчилар Зулфия ва Ҳамид Олимжон образларини таъсирли қилиб гавдалантириб бера олиш билан бирга, санъат ва адабиётнинг тиббиёт илми билан ҳамоҳанг жиҳатлари, инсон саломатлигига хизмат қиладиган умрбоқий маънавий мерос эканлигини ўзларининг бадиий -мусиқий чиқишлари орқали намойиш эта олдилар. Шу билан биргаликда, иштирокчилар томонидан Зулфия ва Ҳамид Олимжон қаламига мансуб шеърлар янгради.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, албатта ёш авлодни ўз аждодларидан фахрланиш ва уларга муносиб ворис бўлишга интилиши, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларда Она Ватанга муҳаббат каби туйғуларни шакллантиришдан иборатдир. Шунингдек, тадбир ўқувчи-қизларимизда нафосат, ибоҳаё, вафо ва садоқат туйғуларини шакллантиришда ҳамда уларни оилавий ҳаётга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Тадбир йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Зулфияхоним таваллудининг 108 йиллиги туманнинг барча маҳаллаларида кенг нишонланди.
Қўшкўпир туман ҳокимлиги Матбуот хизмати