ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ИНСОН УЧУН, ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ УЧУН

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 28 март куни соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида олис ҳудудларда контейнерлардан иборат тиббиёт пунктлари ташкил этиш белгиланганди.

Бугун Қўшкўпир тумани “Иттифоқ” маҳалла тиббиёт пункти фойдаланишга топширилди. Туман ҳокими Ж.Рахимов, сектор раҳбарлари тиббиёт пунктида соҳа ходимлари фаолият юритиши, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолига янада қулайликлар яратишга қаратилган таклиф ва тавсияларини бериб ўтди.

Маълумот ўрнида, Қўшкўпир туманининг олтита олис маҳалласида ана шундай бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш пункти ўз ишини бошлади.

Шу пайтгача бир неча километр масофадаги оилавий врачлик пунктлари ва поликлиникаларга боришга мажбур бўлган Кўназей, Иттифоқ, Меҳнатобод, Амирқум, Довуд ва Дурдона маҳаллаларининг олис қишлоқлари аҳолиси энди ўз яшаш жойларида ўрнатилган тиббий пунктлар хизматидан фойдаланади. Фойдаланишга топширилган, енгил конструкцияли тиббиёт пункти аҳолининг узоғини яқин қилмоқда.

— Бу хайрли ишлардан аҳоли хурсанд, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Олимбой Матқурбонов. — Чунки, ушбу ҳудудлар аҳолисининг долзарб муаммоси шу эди. Бунга эса ечим топилди. Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифати янада яхшиланадиган бўлди.

Пунктларда шарт-шароит яхши. Иссиқ ва совуқ сув, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон воситалари бор. Улар кундузги муолажаларни шу ерда, ҳеч қаерга бормай олаверади.

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари