Барчангизни диёримизга кириб келган нафосат ва гўзаллик байрами 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклайман!
Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз. Аёл зоти тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидоийлик рамзи экани тарихдан барчамизга маълум. Ҳатто энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидаларнинг аёллар шаънига бағишланганлиги уларга бўлган ҳурмат-эҳтиромнинг юксак даражада эканлигини кўрсатиб туради.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бугун давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди.
Ватанимизни янада обод ва фаровон қилиш йўлида хотин-қизларимизнинг ўрни ва ҳурмат-эътиборини ошириш, давлат бошқаруви соҳасидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи мамлакатимиз равнақи йўлида олиб борилаётган устувор вазифалардан бирига айланди. Бундан ташқари, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясида раҳбар кадрларни тайёрлашда аёллар учун 30 фоизлик квота ажратилиши хотин-қизларимизнинг жамиятдаги фаоллигини ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги имкониятини яратди десам, янглишмайман. Юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳам мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда камида 25 фоизга, келгусида 50-60 фоизга етказиш, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробарга кўпайтириш, қизлар учун алоҳида грантларнинг жорий этилиши каби истиқболли режалар бугун ҳар бир ёш авлод қалбини руҳлантириб, юксак марраларни забт этишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар соҳада, ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор бўлиб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Биргина туманимиз мисолида оладиган бўлсак, 2019 йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда вилоят Кенгашига 1 нафардан, туман Кенгашига 12 нафар аёлларнинг депутат бўлиб сайлангани, қолаверса, маҳалла раисларидан Гулбаҳор Султонованинг, фахрий аёллардан Ойбиби Хударгановаларнинг “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, ўқитувчилардан Нафиса Рўзимованинг “Дўстлик ордени”, тадбиркорлардан Замира Тожиеванинг Муҳтарам Президентимиз томонидан “Олтин соат” билан тақдирланганини, қизларимиздан эса Шукуржон Аминованинг спортнинг дзюдо тури бўйича 3 карра Осиё чемпиони бўлиб, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини кўкларга кўтараётганини алоҳида эътироф этиш ўринли деб биламан. Бундай ютуқ ва марралар аёлларимизда ватанпарварлик жасоратини уйғотиш, келажак авлодлар қалбида озод ва обод ватанимизга бўлган ҳурмат ва садоқат ҳиссини оширишга, фидоийлик билан хизмат қилишга замин яратмоқда. Давлат бошқарув органларида, қолаверса, республикамизнинг 5 та туманида аёлларнинг ҳоким сифатида фаолият олиб бораётганлигини фахр билан тилга оламиз. Кечамиз бугундан, бугунимиз эртанги кунимиздан фарқ қилгани каби, хотин-қизларнинг ютуқлари, қўлга киритган муваффақиятларини янада кўпайтиришмиз, ўсиб келаётган қизларимиз қалбида ҳақиқий ўзбек аёли тимсолини ярата олишимиз лозим. Иқтидорли қизларимизни “Зулфия номидаги Давлат мукофоти” соҳибасига айлантириш, бу йўлда ўз иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришларига ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш лозим деб ўйлайман. Шундагина ҳар биримиз оилани муқаддас деб билувчи, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган жамият асосини шакллантирган бўламиз. Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз, аввало, сизларга суянамиз.
Шу ўринда айтиш жоизки, ислоҳотларимизни амалга оширишда фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илм-у фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби ўнлаб муҳим соҳа ва тармоқларда туманимизда 5000 нафардан ортиқ хотин-қизлар самарали меҳнат қилиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши ва шу асосда қабул қилинган Давлат дастури келгусида умидли, фидоий, соғлом аёлларимизнинг сони кўпайишида мустаҳкам асос бўлади. Мен ўйлайманки, туманимизда бундан кейин ҳам ташаббускор, илғор, фидоий, ўзидан муносиб издошлар тарбиялайдиган иқтидор ва истеъдод эгалари бўлган хотин-қизлар сафи янада кенгаяди.
Азиз опа-сингиллар, муҳтарама онахонлар! Сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Ушбу байрам билан барчангизни яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман. Эзгулик нури ила йўғрилган қалбингизга баҳорий кайфият ва кўклам латофати умрбод ҳамроҳ бўлсин. Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонингизга тинчлик, файз-у барака тилаб қоламан.
Халқимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш барчангизга насиб этсин.