Сессия ишини Халқ депутатлари туман Кенгашининг раиси Жўрабек Раҳимов бошқариб борди.
Сессиянинг кун тартибида бугунги кунда долзарб саналган масалалар депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Сектор раҳбарларининг туманнинг ижтимоий иқтисодий ривожланиши ва “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Қизлар дафтари” асосида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди. Туман Кенгаши котибияти мудири М. Тангриберганов бўшаб қолган 6 - Айронкўл сайлов округи депутатлиги учун яқинда ўтказилган сайлов натижалари хусусида ахборот берди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Муборак Абдираҳимованинг депутатлик ваколатини муддатидан илгари соқит қилиш хусусидаги аризаси муҳокама қилинди ва янгидан сайлов ўтказиш куни белгиланди. Шунингдек депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий ёрдам, кўмакка муҳтож оилаларни, аёлларни ва ёшларни қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда “Ёшларни ижтимоий қўллаб- қувватлаш бўйича қўшимча чора -тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилбек Артиқовнинг ҳисоботини эшитишди.
Сессияда 16-сон мактаб директорлиги учун кўрсатилган номзодларнинг дастурлари депутатлар томонидан эшитилди ва муҳокама қилинди. Яширин овоз бериш йўли билан Фарруҳбек Жумабоев номзоди кўп овоз олгани учун директорликка тасдиқланди. У бугунги кунгача 16-сон мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди. Депутатлардан Султонназир Ўрозматов, Сарабиби Матёқубова, Омонбой Матёқубов, Меҳрибон Тиллаевалар кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр- мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.
Сессия якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.