Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан туман ҳокими Ж.Раҳимовнинг
ТАБРИГИ
Ассалому алайкум ҳурматли элдошлар, азиз меҳмонлар! Ҳаммамиз учун азиз ва ягона бўлган жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир жабҳасида улкан шодиёналар билан нишонланаётган азиз сана–халқимизнинг асрий орзулари ушалган тарихий кун Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан самимий муборакбод этишга рухсат этгайсиз.
Дунёдаги жамики бунёдкорлик ва яратувчанликнинг асоси бу озодлик ва тинчликдир. Тарихан қисқа бир даврда, аввало эл-юртимизнинг ҳохиш - иродаси, куч қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон ҳаритасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабасига айланди.
Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий сана 1991 йил 1 сентябрь халқимизнинг ижтимоий сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду-ҳуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир.
Мустақиллик ҳақида сўз борар экан, ҳеч шубҳа йўқки, озод ва обод юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг қалбида шодлик, фахр-ифтиҳор туйғулари жўш уради.
Жаннатмакон Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеи юксалиб нафақат шаҳарлар, балки, энг чекка қишлоқларимиз ҳам кўркам қиёфага кириб бораётгани, меҳнаткаш халқимиз бугунидан бахтиёр, эртасига тўла ишонч руҳи билан яшаётганлигини кўриб қувонади киши.
Мана, барчамиз мамлакатимиз истиқлолининг шонли санаси миллий мустақиллигимизнинг 30 йиллигини “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида муносиб нишонлаш остонасида турибмиз.
Ўзининг неча минг йиллик қўҳна тарихида не-не воқеаларни бошидан кечирган халқимиз учун Ўзбекистон мустақиллиги–ҳаётимизни, онгу-шууримизни тубдан ўзгартирган энг азиз сана сифатида кўп йиллар, замонлар ўтса-да, ўз аҳамияти, қадр-қиммати ва моҳиятини йўқотмайдиган том маънода, оламшумул воқеа бўлиб абадий сақланиб қолади.
Бугун истиқлол неъматларидан баҳраманд бўлган ҳолда беихтиёр 30 йил давомида эришган ютуқларимизни сарҳисоб қилишга, ўтган кунларимиз, босиб ўтган йўлларимизга назар ташлаймиз. Мамлакатимизни чекка гўшаларидан саналган туманимизда ҳам шу қисқа давр мобайнида амалга оширилган ишларни санаб адоғига етиб бўлмайди.
Кўркам, чиройли иморатлар қурилгани, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ривожлангани, тиббиёт, халқ таълими соҳасидаги ўзгаришлар, ёшларга спорт, санъат билан шуғулланишлари учун яратиб берилаётган шароитлар, қолаверса, янги иншоотлар, ўқув муассасалари барпо этилганлиги, мавжудлари қайта таъмирлангани,
туманда юзлаган хусусий корхоналарнинг ишга туширилаётгани, бир сўз билан айтганда, барча соҳаларда амалга оширилган ишлар вилоятда намунали деб эътироф этилишига юртимизда яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланаётганимиз натижаси деб биламан.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат Дастурлари бўйича кўпгина маҳаллалар кўркам қиёфа касб этиётгани, одамларнинг газ, электр, йўл, ичимлик суви, алоқа таъминоти, интернет тармоғи билан боғлиқ кўплаб муаммолари бартараф этилгани, шу билан бирга, пиёдалар йўлакчалари, болалар ўйингоҳларининг қурилиб, туман ҳудудларида тунги ёритгичларнинг ўрнатилиши каби кўплаб ижобий ўзгаришларнинг юзага келишида албатта, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган дастурларнинг ўрни беқиёсдир.
Бундан ташқари, кўркамлиги, шароити жиҳатидан шаҳарлардан қолишмайдиган намунавий типдаги арзонлаштирилган уй-жойлар қурилиб, имтиёзли кредитлар асосида ўз эгаларига топширилаётганида ҳам халқимизнинг ўз ҳаётидан маъмнун, рози бўлиб, шукроналик ҳисси билан яшаётганлигини, эртанги кунига ишончи ортиб бораётганини кўришимиз мумкин.
Бундай қурилиш, бунёдкорлик, ободончилик ишларини фахр ва ғурур билан тилга олсак арзийди.
Қолаверса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга, имтиёзли кредитлар бериш орқали эса тадбиркорликка жалб қилиниб, бандлигини таъминлашга эришилаётгани, буларнинг барча-барчаси мустақиллик шарофати, истиқилол бахш этган бебахо имкониятлардандир.
Мана, жорий 2021 йил-“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да туманда ҳар йилгига нисбатан ижобий натижаларга эришилганини айтиб ўтиш ўринли.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 3787 нафар ёшларни, бандлигини таъминлаш мақсадида, сектор раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда кўпгина йўналишларда ишлар босқичма–босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, бўш иш ўринлари ва “Меҳнат ярмаркалари”, касбга ўқитиш, ўз-ўзини бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларига йўналтириш орқали, шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси, “Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор” тамойили асосида тадбиркорликка жалб қилинмоқда.
Давлатимиз мустақилликка эришганимиздан сўнг нафақат кўчалар ва ҳиёбонлар, маҳаллалар ўзгарди, балки жамият ва одамлар ҳам ўзгариб, юртдошларимиз эркин фикрлай бошладилар. Ҳар кимнинг ўз вазифасига нисбатан масъулияти ҳам ортиб, инсонларимизнинг Ватанга садоқат, тинчлик ва осойишталигимизга бўлган шукроналик ҳисси ҳам ошди.
Юртимизда эришилган жами ютуқлар, ҳурматли Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ва одилона сиёсатнинг самарасидир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг янгича тараққиёт қўлланмаси бўлган “Ҳаракатлар стратегияси” том маънода халқимизни буюк истиқболга етакловчи оламшумул дастур бўлиб, юртимизда шу кунгача кузатилмаган шиддатли янгиланишлар, жамиятнинг ҳар бир соҳасидаги туб ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик жабҳаларига омил бўлаётганини кўришимиз мумкин.
Бугун мамлакатимизни чекка гўшаларидан саналган туманимизда ҳам 30 йил давомида амалга оширилган ишларни санаб адоғига етиб бўлмайди.
Мана бу йилги Мустақиллик байрамини барчамиз янада жўшқинлик ва қувонч билан кутиб олмоқдамиз. Туманимиз қишлоқ хўжалигининг биринчи ҳосили бўлмиш пилладан мўл ҳосил олинди. Ғаллакорларимиз белгиланган шартнома режаларини ошиғи билан уддаладилар.
Азиз элдошлар! Мана мамлакатимизда катта сиёсий тадбир, 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни ҳам тобора яқинлашиб бормоқда. Сайлов тадбирларининг ўтказилиши, ўйлайманки, барчамизнинг қалбимизга фахр ва ифтихор туйғусини сингдириш билан бирга, елкамизга ўн карра масъулият ҳам юклаши табиий. Шу боисдан сиёсий тадбирларни юқори савияда ўтказилишида давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, очиқлик ва шаффофликни таъминлаган ҳолда сайловда фаол иштирок этайлик!
Ҳурматли, байрам иштирокчилари!
Шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жумладан, бутун туманимиз аҳлини яна бир бор энг улуғ ва энг азиз байрам Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси билан муборакбод этаман.