Туманда Саноат ишлаб чиқаришда кичик бизнеснинг ҳиссаси
Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз ички бозорини товар ва хизматлар билан таъминлашда, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини оширишда, ресурсларни оқилона тақсимлаш ва улардан самарали фойдаланишда, ижтимоий гуруҳлар даромадларининг номутаносиблигини камайтиришда, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни яхшилашда катта аҳамиятга эга бўлиб, ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий катализатори ҳисобланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бозор конъюнктураси ўзгаришларига ҳам, истеъмолчи талаби ўзгаришларига ҳам тез мослашишга қодир бўлиб, истеъмол бозоридаги мувозанатни ушлаб туришда муҳим роль ўйнайди, шунингдек, рақобат муҳитининг шаклланишига хизмат қилади. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида туманда 94,3 млрд. сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиши амалга оширилган бўлиб, шундан 35,3 млрд. сўм ёки умумий ҳажмнинг 37,4 % ни кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ташкил қилганлигини кўришимиз мумкин. Давлат ва хусусий секторнинг ўзаро муносабати мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий барқарор вазиятни таъминлашда хусусий бизнеснинг манфаатдорлигини оширишда катта хизмат қилади. Ўз навбатида, мамлакатимизда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида нодавлат секторнинг улуши салмоқли эканлигини кўриш мумкин. Тармоқ корхоналари томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойларида 60,2 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ёки ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 165,4 % ни ташкил этди, шунинг билан бирга нодавлат секторида 94,3 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, умумий ҳажмга нисбатан 100,0 % ташкил этди. Даврон АРТИҚОВ, Қўшкўпир туман статистика бўлими бошлиғи