Ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, саноат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Хоразм вилояти ва туманларда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажмини туманлараро ҳамда туманларни шаҳар кўрсаткичлари билан таққослаш орқали таҳлил қилиш, саноат маҳсулотини аҳоли жон бошига тўғри келадиган миқдори динамикасини кузатиб бориш, ҳудудлардаги устувор вазифаларни ва ўсиш нуқталарини белгилаш муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида жорий йилнинг январь-март ойларида Қўшкўпир туманида саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиши 77,0 млрд.сўмни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич Хоразм вилоятининг жами саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилишида 3,5 % ташкил этди. Туманда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажми аҳоли жон бошига 448,2 минг сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 126,9 % га етказилганлигини кузатишимиз мумкин. Шунингдек, туманда истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиши 12,9 млрд.сўмни ташкил қилиб, Хоразм вилоятининг жами истеъмол товарлари ишлаб чиқарилишида 1,0 % ташкил этди.