ЮРАККА КЎМИЛАР АСЛ ШОИРЛАР

  26 апрель куни Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган.

  Ватан хакида ёниб куйлаган шоирлардан  бири, хаёти хам бир  шам янглиғ ёниб  ўчган  пурҳикмат сатрлар муаллифи, бетакрор ижодкор халқимизнинг юрагида яшамоқда. Шоир  шеърларининг ҳар бир сатри халқимизнинг қадим қарашларига уйғун тарзда жаранглайди, ҳар сатрида миллий руҳ ҳукмронлик қилади. У она қишлоғини, ўзи сув ичган зилол булоқларни, кўкламни, инсонга хос гўзал туйғуларни қаламга олади. Ҳар сатрида Ватанга бўлган муҳаббати барқ уриб туради. Шу боис уни баралла, авж пардада Ватан куйчиси  деймиз. “Халқ бўл элим”, “Ўзбекистоним”, “Улуғимсан Ватаним”, “Кўкламойим” ва бошқа кўпгина шеърлари қўшиққа айланиб, халқимизнинг тилида ва дилида янграмоқда. Адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов бир пайтлар Муҳаммад Юсуф ҳақида шундай деган эди: “Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб қолганини адабиётимиз сезмай ҳам қолди. Аммо у тезда ҳаммани хайрон қолдириб оғизга тушиб кетди. Муҳаммаджоннинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзиладиганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб шеър ёзиб кўринг-чи?”

 Дарҳақиқат,  Муҳаммад Юсуф бошқаларга ўхшамаган серқирра истеъдод соҳиби эди. Нисбатан қисқа, аммо жўшқин ижодий фаолияти давомида халқ дилига яқин, равон,  самимиятга бой шеърлари билан мухлислар юрагидан жой олди. Унинг дилкаш назми кириб бормаган хонадон учрамаса керак. Хассос қалбли шоир каби самимий ва содда сатрлар ўқиган заҳоти Сизни ўзига ром айлайди.

Ўлса ўзи ўлар, сўзи ўлмайди

Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар

Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди

Юракка кўмилар асл шоирлар.

Муҳаммад Юсуф ана шундай асл Халқ шоири эди.


Постни тарқатинг: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Оммавий сўровнома


Сайт Бўлимлари