Юртимга кўз тегдими ёки? Ёки азиз халқимнинг куч-қудрати, меҳр-оқибати, сабр-матонатига бўлган синовмиди бу?
"2020 йил оғир келди". Шуни ўйлаб юрагим оғриди. Қуриб кетгур "пандемия" деб халқимиз қанча азоб-уқубатларни тортиб турган бир пайтда бу каби мусибатлар чиқмаса қани эди. Ҳали Бухоро ва Зоминда бўлган ташвишларни унутолмай турганимизда, "Сардоба" фалокати рўй бериб турса...Очиғини айтсам, йиғладим. Ўз-ўзимга бераётган саволларимнинг эса охири йўқдай гўё; Қанча йиллар оша эрк излаб, яхши ҳаёт илинжида яшаб меҳнат қилган, бир бурда нон топса қўшнисига илинган, қишлоқдоши кулфатини ўзиники деб билган, ямоқ тушган тўнини алмашиб кийган меҳри дарё, сабр-матонатда тенгсиз фидойи халқим, ўз кўксида оламни зир титратган жахонгирларни улғайтирган, бешигида авлиёлар ўсган азиз элим энди ёруғ кунга етганида, кўксига шамол тегиб, ўзи эккан буғдойини ўзи еётганида, ўзи ўстирган пахтасини ўз устида кўриб қувонган бир пайтида, яна не-не яхши кунларни кутиб орзулари осмон бўлиб турганида шундай ташвишли кунлар ичра яшаш ҳам тақдирмиди балки? Юртимга кўз тегдими ёки? Ёки азиз халқимнинг куч-қудрати, меҳр-оқибати, сабр-матонатига бўлган синовмиди бу? Ҳа бу ҳам бир синов бўлди. "Ҳеч ким кутмаган синов" Ишонаманки, биз бу синовларни ҳам улкан куч ва матонат билан, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик, беқиёс меҳр ва оқибат билан биргаликда енгиб ўтамиз. Ахир биз биргамиз. Бирлашган эса албатта енгади.